Хоразмда ғалладан бўшаган майдонларга пахта экиш ишлари бошланди (+видео)
Хонқа туманининг Томадургадик ҳудудида фаолият юритаётган “Матяқубов Акмал” фермер хўжалиги далаларида ғалла ўрим-йиғимига бағишланган амалий семинар ташкил этилди.
Мазкур фермер хўжалигининг 34 гектардан ортиқ майдонида етиштирилган буғдой пишиб етилди ва биринчилардан бўлиб ўрим-йиғим ишлари бошланди.
Семинар давомида етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмасдан қисқа муддатларда йиғиб олиш, замонавий техникалардан самарали фойдаланиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига тўлиқ риоя этиш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Туман ҳокимлигининг маълумотига кўра, жорий йилда туманда 3 500 гектардан ортиқ майдонда ғалла етиштирилди. Айни пайтда туманнинг барча ҳудудларида ғалла ўрим-йиғими ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. Ғалладан бўшаган 300 гектар майдонга эса пахта экилиши белгиланган.
– Ғалладан бўшаган майдонларга 2025 йилда тажриба сифатида ғўзанинг “Равнақ 2” чигитини экиб жуда яхши натижаларга эришилди, – дейди вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиқ ўринбосари Икром Оллаёров. – Асосий мақсадимиз ғалладан бўшаган майдонлардан юқори даромад олишдир. Мутахассисларни ҳисоб-китоблари шуни кўрсатдики, бир гектар майдонда экишдан тортиб, то ҳосил олишгача харажат 10 миллион сўм бўлиб, бундан олинадиган даромад эса 20-30 миллион сўмни ташкил қилади. Шунинг учун бу навни экишга вилоятимизнинг барча туманларидаги фермерлар томонидан талаб ва қизиқишлар кўпайди.
Туманнинг “Қорамози” ҳудудида фаолият юритаётган “Моҳира Гулчеҳра Машҳура” фермер хўжалигида буғдойдан бўшаган 3,2 гектар майдонга пахтанинг тезпишар ва серҳосил “Равнақ-2” навини экиш ишлари бошланди.
[gallery-29715]
– Ғўзанинг бу тури жуда ҳосилдор бўлиб, ўртача 40-45 центнер ҳосил беради, – дейди Туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими мутахассиси Шавкат Хўжаев. – Иш бошида соҳа мутахассислари такрорий экишда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, минерал озиқлантириш, суғориш ҳамда зараркунандаларга қарши кураш чоралари юзасидан тавсиялар берди. Пахтанинг вегетация вақти 110 кунни ташкил этади.
Таъкидланганидек, ердан самарали фойдаланиш, қисқа муддатда юқори ҳосил олиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда бундай ташаббуслар муҳим аҳамият касб этади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/XnEEyIOzP6k" title="Xorazmda g‘alladan bo‘shagan maydonlarga paxta ekish ishlari boshlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат, видео),ЎзА мухбирлари