Хоразмда энг кучли шахматчи судьялар аниқланди
Урганчда суд тизимида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, судьяларни интеллектуал спорт турларига кенг жалб этиш ҳамда улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида шахмат бўйича республика мусобақасининг Хоразм вилояти босқичи ўтказилди.
Ўзбекистон судьялар олий кенгаши ташаббуси билан ўтказилган мусобақада вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг судьялари иштирок этиб, ўзларининг интеллектуал салоҳияти, мантиқий фикрлаш ва стратегик қарор қабул қилиш борасидаги маҳоратларини намойиш этди.

Қизғин ва муросасиз баҳсларга бой ўтган мусобақада иштирокчилар ғолиблик учун астойдил кураш олиб борди. Ҳар бир учрашув шахматчилардан юксак диққат, сабр-тоқат ва пухта стратегияни талаб этди.

Мусобақа якунларига кўра, фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро суди судьяси Рашид Сафоев барча рақибларидан устун келиб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Вилоят маъмурий суди судьяси Дилшод Чориев иккинчи ўринни, вилоят суди раиси ўринбосари Баҳодир Давлатов эса учинчи ўринни эгаллади.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Эндиликда вилоят босқичида юқори натижаларни қайд этган шахматчилар мусобақанинг республика босқичида Хоразм вилояти шарафини ҳимоя қилади.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири