“Хоразмча контент”лар тубдан ўзгаради
Урганч шаҳрида беш кун давомида турли мавзулардаги семинар, тренинг ва учрашувларга бой тарзда ўтган “Медиа ҳафталик” муваффақиятли якунланди.
Контент маркази томонидан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда мамлакатимиздаги йилнинг энг йирик ва муҳим таълимий-амалий лойиҳаси амалга оширилди. Унинг доирасида Контент маркази мутахассислари, шунингдек, таниқли журналист ва блогерлар иштирокида журналистика, рақамли медиа ва ахборот технологиялари йўналишларида долзарб мавзуларга бағишланган семинар-тренинглар ўтказилди.
– Медиа ҳафталикда 800 нафардан ортиқ хоразмлик ОАВ ва медиа вакиллари, ахборот хизмати ходимлари, блогерлар, контент яратувчилар ҳамда соҳага қизиқувчи ёшлар иштирок этди, – дейди Контент маркази бош мутахассиси Жалолиддин Мирзаев. – Тадбир доирасида контент яратувчилар ўзаро фикр алмашди. Жаҳон медиа трендларини миллий муҳитга мослаштириш, сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилиниб, қатор маҳорат дарслари ўтказилди. Бу эса воҳада контентлар сони ва сифати ошишига хизмат қилади. Айниқса, ёшлар томонидан тайёрланаётган материаллар ушбу ҳафталикнинг амалий натижаси сифатида намоён бўлади.
Медиа ҳафталик доирасида ўтказилган семинар-тренинглар жараёни бугунги журналистларнинг мустақил фикрга эга экани, таҳлилий ёндашуви ортиб бораётгани, Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида ахборотни олиш, таҳлил қилиш ва тарқатиш борасидаги билим ва кўникмалари мустаҳкамланаётганини кўрсатди.
– Энг муҳими, бугун хоразмлик журналистлар, блогерлар ва ОАВ ходимлари аниқ позицияга эга, – дейди медиа-тренер Беруний Олимов. – Улар зарур ҳолларда ўз қарашларини ҳимоя қила олмоқда. Контент маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган дастурларда назарий билимлар билан бирга амалий жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиш, инфографика ва мобилография йўналишлари бўйича маърузалар ўқилиб, амалий машғулотлар ташкил этилди.
Ҳафталик доирасида иштирокчилар учун стратегик ва кризис коммуникациялар, ахборот олиш ҳуқуқи ва очиқлик стандартлари, фактчекинг ва фейкларга қарши кураш, AI орқали контент яратиш, медиада янги имкониятлардан фойдаланиш, аудиторияни жалб этиш ва кенгайтириш механизмлари, SMM стратегиялари, шахсий бренд ва медиа позицияга оид машғулотлар ўтказилди.
– Тренинглар биз учун янги билимлар эгаллаш, малакамизни ошириш ва тажриба алмашиш имкониятини яратди, – дейди УрДУ ахборот хизмати раҳбари Марҳабо Аҳмедова. – Айниқса, ахборотга ёндашув маданиятига доир фикрлар аҳамиятли бўлди. Тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилик билдираман. Олинган билимлардан келгусида фаолиятимизда самарали фойдаланамиз.
Урганч шаҳридаги Маъмун университетида “Йилнинг энг йирик лойиҳаси” сифатида эътироф этилаётган “Медиа ҳафталик”нинг Хоразм вилоятидаги якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанлар Хоразм замини Ўрта Осиёда илк контент яратган ижодкор Худойберди Девонов етишиб чиққан ҳудуд экани, бугун ҳам унинг издошлари кўплигини таъкидладилар.
[gallery-28696]
Ҳафталик давомида фаол иштирок этган иштирокчилар ва волонтёрлар “Махсус сертификат”лар билан тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари