Хоразм вилоятида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи ушланди
Қўшкўпир тумани қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи Р.А. ўз мақоми ва мансабидан фойдаланиб, осонгина бойлик орттиришни кўзлади.
Мазкур мансабдор фуқаро Ж.П.га тегишли нотурар бинони вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасидаги “Каттакон” танишлари орқали турар жой тоифасига ўтказиб беришни ваъда қилиб, эвазига 1 000 АҚШ доллари “пора” сўрайди.
Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси ҳамда ҳамкор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “нафс балоси”га гирифтор бўлган мансабдор режалаштирилган сумманинг бир қисми, яъни 700 АҚШ доллари ва 3 миллион 600 минг сўм пулни олган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири