Хоразм вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Хоразм вилоятида Судьялар олий кенгашининг тегишли қарори билан 4 нафар судья муддатсиз, 14 нафари судьялик ваколати муддати даврига тайинланди ёки қайта тайинланди.
Жумладан, Маҳмуд Маҳмудов Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди раиси, Муроджон Ҳасанов Хоразм вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси, Мақсуд Ҳожиев Фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят суди судьяси, Хушнуд Каримов Иқтисодий ишлар бўйича Хоразм вилоят суди судьяси этиб тайинланди.
***
Хоразмда сўнгги 5 йил ичида енгил автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми қандай ўзгарди?
2026 йилнинг январ-июль ойларида вилоятнинг автомобил ишлаб чиқариш саноатида 47 минг 521 дона “Дамас ” автомобили ишлаб чиқарилган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,9 фоизга камайган.

Ҳудудда сўнгги 5 йилда (январь-июль ойларида) енгил автомобил ишлаб чиқариш ҳажми қуйидагича динамикага эга бўлган:
2022 йилда – 39 779 дона,
2023 йилда – 43 497 дона,
2024 йилда – 48 884 дона,
2025 йилда – 51 587 дона,
2026 йилда – 47 521 дона.
***
Хоразм театрларига ўтган йили қанча томошабин ташриф буюрган?

Республикамиздаги 41 та театрга 2025 йил давомида умумий ҳисобда 4 миллион 351 минг томошабин ташриф буюрган.
Хоразм вилоятида эса 2025 йилда 2 та театр фаолият кўрсатган бўлиб, Урганч шаҳридаги вилоят драма театри ва Хива шаҳридаги вилоят қўғирчоқ театрига йил давомида ташриф буюрувчилар сони 507 минг кишини ташкил этган.
***
Урганч давлат тиббиёт институти Педиатрия факультети тютори Б. Қурбонов ташаббуси билан талаба-ёшлар иштирокида “Муқаддасдир Ватан байроғи” шиори остида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда давлат байроғининг мазмун-моҳияти, ундаги ранглар, ярим ой ва юлдузларнинг рамзий маънолари ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, ёшларда Ватанга муҳаббат, миллий ғурур, фуқаролик масъулияти ва давлат рамзларига ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур тадбир ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга ундашга хизмат қилади.
А.Шокиров, ЎзА