Хоразм вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов ташаббуси билан ташкил этилган “Ёшлар куни” учрашувларида билдирилган таклифларга кўра, вилоятнинг бир гуруҳ фаол, ташаббускор ёшлари Тошкент шаҳридаги улкан маънавий маскан – Ислом цивилизацияси марказига саёҳат қилишди.
Саёҳат давомида ёшлар бой тарихимиз, миллий меросимиз ва буюк аждодларимиз қолдирган бебаҳо маънавий хазинага яна бир бор яқиндан гувоҳ бўлди.

***
Ҳазорасп туманида фавқулодда вазиятлар бўлими ва тегишли идора-ташкилотлар ҳамкорлигида "Маҳаллий ҳокимлик биноларида фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, ёнғинларни ўчириш ва қутқарув ишларини олиб бориш" мавзусида махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.

Ўқув машғулоти фавқулодда вазиятлар содир бўлганда тегишли хизматларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, тезкор ҳаракат қилиш кўникмаларини ошириш ҳамда ёнғин ва бошқа фавқулодда ҳолатларда қутқарув ишларини самарали ташкил этишга қаратилди.

Машғулот давомида шартли равишда юзага келган фавқулодда вазиятни бартараф этиш, фуқароларни хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиш, ёнғинни ўчириш ҳамда қутқарув ишларини амалга ошириш бўйича амалий ҳаракатлар бажарилди.
***
Тупроққалъа туманида "Долзарб 90 кун" тадбирлари доирасида эл ардоғидаги хонандалар иштирокидаги катта концерт дастури ташкил этилди.

Аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши мақсадида очиқ осмон остида ташкил этилган мазкур тадбир тупроққалъаликлар учун чинакам байрамга айланди.

Туман аҳли ва меҳмонлари энг сара тароналардан баҳраманд бўлиб, ёзги оқшомни оила аъзолари билан кўтаринки кайфиятда ўтказди.
***
Урганч шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида 30 ёшдан юқори аҳоли ўртасида "Маҳалла лигаси" спорт мусобақаларининг Хоразм вилоят босқичига старт берилди.

Мусобақалар мини-футбол, волейбол, стритбол, стол тенниси, шахмат, шашка ва воркаут
спорт турлари бўйича ўтказилмоқда.

Мазкур мусобақалар аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, оммавий спортни ривожлантириш ҳамда жисмоний фаолликни янада оширишга хизмат қилади.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири