Хоразм "Қовун сайли"га чорламоқда
Хоразмда ўтказиладиган халқаро тадбирлар ичида кўлами жиҳатдан энг катта гастрономик фестиваль ҳисобланадиган “Қовун сайли” бошланиш арафасида.
Айни дамда “Ичан қалъа”нинг “Полвон” дарвозаси олдидаги майдонда ясатилган махсус павильонлар тайёр ҳолатга келтирилган. Бир-бирини такрорламайдиган чиройли безатилган павильонларда миришкор деҳқонлар томонидан етиштирилган полиз экинлари ва улардан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмалари ҳам намойиш этилмоқда. Ҳар бир павильонда ўзига хос маданий дастурлар, театрлаштирилган саҳналар, миллий либослар намойиши, фольклор ансамбллар концертлари, миллий таомлар кўргазмалари ҳам ташкил этилган.
[gallery-30776]
Миллий қадриятлар, гастрономик маданият ва санъатни бирлаштирувчи анъанавий фестиваль дастуридан Хоразмнинг машҳур ва хушбўй қовунлари кўргазмаси, миллий таомлар тақдимоти, халқ ҳунармандчилиги намуналари, театрлаштирилган томошалар, миллий куй-қўшиқлар ва рақслар, кўнгилочар дастурлар ўрин олган.
Маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар бир-биридан тотли қовунлар, улардан тайёрланган ширинликлар, яхна ичимликлардан ҳамда миллий таомлардан баҳраманд бўлмоқда.
Фестивалнинг очилиш маросими “Арда Хива” туристик мажмуасида ўтказилади. Унда хорижлик ва мамлакатимизнинг энг машҳур санъаткорлари, Хоразм юлдузлари иштирокида катта шоулар, гала-концерт дастурлари намойиш этилади.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА мухбири