Хоразм: Қадимий цивилизация ва янги инновацион туризм маркази
Бугун Хоразм вилояти қадимий мерос ва замонавий тараққиёт уйғунлашган, туризм, саноат ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларида Марказий Осиёдаги энг жадал ривожланаётган йирик логистика ва инновация марказларидан бирига айланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари Хоразм вилоятига бўлган ташрифи чоғида қадимий ва навқирон диёр нафақат сайёҳлик, балки халқаро бизнес, инвестициялар ва экспорт учун муҳим стратегик нуқтага айланиши лозимлигини таъкидлаб, вазирлардан тортиб вилоят раҳбарияти ва масъуллари олдига яна улкан вазифалар қўяди.
Ташрифдан ташрифгача
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 1-2-май кунлари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида ҳам халқ фаровонлиги, юрт равнақини таъминлаб, юксак марраларга элтувчи топшириқлар берилган эди.
Хоразм заминида бугун катта бунёдкорлик, иқтисодий ва ижтимоий янгиланишлар даври кечмоқда. Мисол учун, вилоятда аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2016 йилга қадар 5,9 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 2026 йилга келиб, 31 миллион сўмга етди ёки 5 баробарга ўсди. Ўша даврда вилоят иқтисодиётида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 10,3 триллион сўмни ташкил этган бўлса, жорий йил якуни билан 73 триллион сўмни ташкил этиб, 1,8 баробарга ўсиши кутилмоқда.
Бу кўрсаткич шунчаки рақам эмас, балки ҳудудда белгиланган стратегик мақсадлар шунчаки қоғозда қолмай, ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасидаги жонланишнинг амалий ифодасидир.
Айни пайтда вилоятда саноат соҳасида фаолият кўрсатиб келаётган корхоналар сони 4 минг 98 тани, шу жумладан, кичик корхоналар сони 4 минг 61 тани ташкил қилади. Очиғи, бундан ўн йиллар олдин вилоятда уларнинг сони 2 мингтага ҳам етмасди. Саноат тармоқларида эса тўқимачилик ва текстиль саноати етакчилик қилар эди. Бироқ, саноат тармоқларини диверсификацияланиши натижасида сўнгги йилларда автомобилсозлик саноати ривожланиб, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатига боғлиқлиги кескин камайди. Бугун саноатнинг бошқа тармоқларида ҳам ўсиш занжири узлуксиз давом этмоқда.
Шу йил якунига қадар саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 40,4 триллион сўмга етказиш режалаштирилган. Бунинг учун эса ички имкониятларни тиклаш, инвестиция ва янги қувватларни ишга тушириш орқали умумий қиймати 939 миллион долларлик 528 та янги лойиҳа ишга туширилади. Бу орқали 15 триллион сўмлик янги қувватлар яратилиб, 8 мингга яқин янги иш ўринлари очилади.
Мисол тариқасида "Хоразм шиша идишлари” МЧЖ, "UzXCMG" МЧЖ, "URGANCH CLUSTER" МЧЖ каби корхоналарни келтириш мумкин. Биргина Урганч шаҳридаги “Артон Ургенч Инвест” корхонасини 16 миллион долларлик инвестиция эвазига йилига 200 минг куб автоклавланган газоблок ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Лойиҳа тўлиқ қувватга чиққач, йилига 250 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб беради.
Саноат лойиҳаларини ишга туширишни қўллаб-қувватлаш мақсадида, вилоятда 21 та кичик, 10 та “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик саноат зона”лари ҳамда “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилди. Бугунги кунга қадар кичик саноат зоналарида 431,1 миллиард сўмлик 180 та лойиҳалар ишга тушгач 2 минг 212 минг нафар ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик саноат зоналарида 78,3 миллиард сўмлик 70 та лойиҳалар ишга туширилгач мингга яқин аҳолининг иш жойи аниқ бўлди.
Вилоятда 2017-2026 йиллар давомида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 406 баробарга ортган бўлиб, айни пайтда йиллик миқдор 2,5 триллион сўмни ташкил этади.
Ҳудудда инвестиция фаоллиги ҳам юқорилаб бормоқда. Хусусан, биринчи ярим йилликда 691 миллион доллар хорижий сармоя ўзлаштирилган бўлса, йил якуни билан бу кўрсаткич 2 миллиард долларга етади. Экспорт географияси ва ҳажми янада кенгайиб, йил якунида 540 миллион долларлик маҳсулот ташқи бозорларга чиқарилиши кутилмоқда.
Хоразм деҳқонларининг маҳорати бу йил ҳам ўз сўзини айтди. Ғаллачиликда ҳосилдорлик 94 центнердан 100 центнерга кўтарилиб, 332 минг тонна дон йиғиб олинди. Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларнинг 48,5 минг гектардан ортиқ майдонда жорий қилиниши 320 миллион метр куб сувни тежаш имконини бермоқда. Ҳудудий ихтисослашув ва чорвачилик имкониятларидан келиб чиқиб, Тупроққалъа туманида янги тизим асосида экин майдонлари тақсимоти қайта кўриб чиқилди. Пахта ва ғалла майдонларининг 50 фоизига озуқабоп экинлар жойлаштирилиб, чорва моллари сонини яна 7 минг бошга кўпайтиришга замин яратилди. Вилоят бўйича йил якунига қадар 200 минг тонна гўшт ва 1 миллион 200 минг тонна сут, 525 миллион дона тухум ва 40 минг тонна балиқ, 1 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш мақсад қилинган.
Жорий йилнинг якуни билан вилоятда 7300 хонадонли 180 та кўп қаватли уй-жойлар қуриб битказилади. Ҳозирда уларнинг 55 таси, яъни 2 минг 115 хонадон фойдаланишга топширилди. Шунингдек, 8 та “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш бўйича ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда. Мазкур массивларда 20 мингта хонадонли 600 та кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш объектлари билан комплекс тарзда қурилмоқда.
Хоразмда транспорт ва туризмни ривожлантириш бу шунчаки йўл солиш ёки меҳмонхона қуриш эмас, балки минтақа ва умуман мамлакат иқтисодиёти учун муҳим стратегик аҳамиятга эга муҳим омилдир.
Президентимизнинг олдинги ташрифи чоғида илгари сурган ташаббуси билан Урганч шаҳридан Хива шаҳри марказигача олиб борувчи янги йўналишдаги 35 километр асфалтбетон қопламали пуллик автомобиль йўли барпо бўлди. Лойиҳа доирасида 8 та йўл ўтказгич, 15 та кўприк, 4 та туннель ҳамда 106 та сув ўтказиш иншоотлари ва тўрт тасмали шаклда автомобиль йўли қурилмоқда. Бугунги кунда ушбу объектда сўнгги қурилиш – монтаж ишлари якунига етказилмоқда. Кунлик 20 мингтадан ортиқ транспорт воситасига хизмат кўрсатадиган ушбу йўли ишга тушса, Урганч ва Хива шаҳарлари ўртасидаги масофа вақти ўртача 1 соатдан 17 дақиқага, яъни 3 баробарга қисқаради.
Давлатимиз раҳбарининг вилоятларга ташрифи ушбу ҳудуд аҳолисининг ҳаётини тубдан ўзгартиради деб бежизга таъкидламадик. Чунки, 2017 йил 27-28-январь кунлари Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи давомидаги ташаббуси асосида Урганчдан Хивагача 30 километрлик темир йўли барпо этилиб, Хива шаҳрида замонавий вокзал ишга туширилди. Жорий йил 5-май куни “Жалолиддин Мангуберди” номли юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоезд Тошкент – Хива йўналишида илк қатновини амалга оширди. Жанубий Кореянинг “Hyundai Rotem” компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган замонавий поезд пойтахт ва қадимий шаҳар ўртасидаги 1022 километрлик ва 14-15 соатлик масофани 7,5 соатда босиб ўтди.
Эндиликда “Урганч” аэропортидан Урганч – Хива темир йўлига қадар 11 километр электрлаштирилган темир йўл қуриб битказилди. Электропоезднинг йўловчи оқими кунига ўртача 230 нафарни ташкил қилади. Шунингдек, “Урганч” халқаро аэропортининг юқори мартабали меҳмонларга хизмат кўрсатиш терминали ҳам қайта қурилди. Аэропортнинг аэродром мажмуасини реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Хива шаҳрида юқори мартабали меҳмонларни қабул қилишга мўлжалланган конгресс-холл мажмуаси, унга туташ ҳудудда уч юлдузли меҳмонхона ва “Хива Ичан қалъа” қабуллар уйи қурилиши, Хитой таълим тизимининг Ляонин педагогика университети филиали ва унинг қошида Урганч давлат университети билан ҳамкорликда Конфуций институтини ва “Лу Бань устахонаси” бўлинмасини ташкил этилиши, буларнинг барчаси вилоятда транспорт ва туризм инфратузилмаси яхшиланишига олиб келди.
Эндиликда, вилоятнинг туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида кескин жонланиш кузатилмоқда. Хоразмга биринчи ярим йилликда жами 8 миллион 600 минг нафар сайёҳлар, шундан, 1 миллион 770 минг нафар хорижий ва 6 миллион 830 минг нафар маҳаллий сайёҳлар ташриф буюриб, ўтган йилга нисбатан 1,8 баробарга ўсди. Йил якунигача улар сони 13 миллион нафарга етиб, 3 миллион хорижий ва 10 миллионга нафар маҳаллий сайёҳлар ташрифи кутилмоқда. Шунда вилоят иқтисодиётида туризм хизматлари экспортининг ҳажми 1,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
Сайёҳлар оқими ортишининг яна бир сабаби вилоятга туристларни янада кенг жалб қилиш ва уларнинг бўш вақтларини мароқли ўтказиш мақсадида ҳар йили йирик тадбирларни ўтказиб келинаётганидадир. Ўтган йили вилоятда ўндан ортиқ халқаро фестиваллар, 20 дан ортиқ маҳаллий оммавий тадбирлар ўтказилди.
“Халқаро бахшичилик санъати”, “Қовун сайли”, “Хоразм гиламлари жилоси”, “Лазги” халқаро фестиваллари, “Стронгмен” халқаро баҳодирлар ўйини, Хоразм халқаро инвестициялар форуми ҳамда “Хоразм хонлари миллий таомлари” халқаро гастрономик фестивали каби халқаро тадбирлар шулар жумласидандир.
Хива шаҳрида шу ойнинг 7-9-август кунлари ўтказилган анъанавий халқаро “Қовун сайли – 2026” фестивалида тарихий воқеа содир бўлди. Фестиваль доирасида “Энг катта қовун дегустацияси” йўналишида жаҳон рекорди қайд этилиб, Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди.
[gallery-30917]
Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда 30 мингдан ортиқ фуқаро иш билан таъминлангани боис, ишсизлик даражаси 4,5 фоизга, камбағаллик эса 3,4 фоизга туширилди. Йил якунига қадар эса ишсизлик ва камбағаллик 3 фоизга тушиши кутилмоқда.
Хоразм вилоятида амалга оширилаётган бу саъй-ҳаракатлар, белгиланган ҳар бир марра ва режа иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлашга, энг муҳими ҳудуд аҳолиси учун муносиб турмуш шароитини яратишга хизмат қилмоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат)
ЎзА мухбирлари