Ҳокимлар ҳам “Заковат” ўйинида иштирок этишди
Ёшлар куни муносабати билан ҳафтанинг ҳар пайшанба куни вилоятнинг турли ҳудудларида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказиб келинмоқда. Мазкур мусобақанинг навбатдаги сони Марғилон шаҳридаги “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасида ташкил этилди, деб ёзади вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати ўзининг телеграмм каналида.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров “Заковат” интеллектуал ўйини иштирокчилари билан учрашиб, ёшларнинг билим ва салоҳияти, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган интеллектуал авлод ҳақида фикр билдирди.

– “Заковат” клуби нафақат билим майдони, балки ёшларни фикрлашга, изланишга, тезкор қарор қабул қилишга ундайдиган муҳим маънавий-маърифий мактаб,– дейди вилоят ҳокими. – Бугун клубга аъзо бўлишни истовчи ёшлар сони ортиб бораётгани ҳам мамлакатда ёшлар сиёсатига қаратилаётган эътибор ва амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.

“Заковат” интеллектуал ўйинлари ҳар пайшанба куни турли ҳудудларда ташкил этилмоқда. Энди вилоят миқёсида “Вилоят ҳокими”, “Вилоят прокурори”, “ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи” кубокларини ташкил этиш таклифлари киртилди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг ўзи ҳам “Заковат” интеллектуал ўйинида иштирок этаётган ҳокимлик жамоаси таркибида беллашувда қатнашди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА