Ҳоким зиё масканига ташриф буюрди
Учтепа тумани ҳокими Бунёд Мамажонов кўзи ожизлар махсус кутубхонасига ташриф буюрди. У китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва имконияти чекланган фуқаролар учун қулай шароитлар яратиш юзасидан муҳим чора-тадбирларни белгилаб берди.
Сир эмаски, бугунги кунда юртимиз бўйлаб китобхонлик тадбирлари анъанавий тус олган. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бундай тадбирларга ҳар бир давлат ташкилоти ва идораси масъул этиб белгиланган. Зеро, шундагина китобхон миллат сифатида шаклланиш мумкин бўлади.
Ана шундай эзгу ташаббусларнинг амалий ифодаси ўлароқ, Учтепа тумани ҳокими Бунёд Мамажонов Найман маҳалласида жойлашган Республика Марказий кўзи ожизлар махсус кутубхонасига ташриф буюрди.

Ҳоким ташриф давомида муассаса фаолияти ҳамда китобхонлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, кутубхона ходимлари билан суҳбат ўтказилиб, уларнинг таклиф ва муаммолари тингланди. Мавжуд масалаларни ҳал этиш, кутубхона фаолиятини янада яхшилаш ҳамда ходимлар учун муносиб шароитлар яратиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Бу каби зиё маскани фаолиятини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва имконияти чекланган фуқаролар учун қулай шароитлар яратиш эътибордаги муҳим вазифалардан бири экани алоҳида таъкидланди.
Шербек Исломов,
ЎзА