Хива — Бухоро ўртасида янги тезюрар электропоезд қатнови йўлга қўйилади
Жорий йилнинг 9 сентябридан бошлаб Хива ва Бухоро шаҳарлари ўртасида янги тезюрар электропоезд қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ хабар берди.
Янги қатнов замонавий CRRC-Dalian русумидаги йўловчи электропоезди орқали амалга оширилади. Бешта вагондан иборат таркибда жами 415 та эконом-класс ўриндиғи мавжуд бўлиб, мазкур йўналиш йўловчилар учун янада қулай ва тезкор транспорт имкониятини яратади. 707-сонли «Хива — Бухоро-1» электропоезди сешанба кунидан ташқари ҳафтанинг барча кунлари қатнайди. Поезд Хивадан соат 09:55 да йўлга чиқиб, Бухорога 14:32 да етиб боради.
706-сонли «Бухоро-1 — Хива» электропоезди эса душанба кунидан ташқари ҳафтанинг барча кунлари ҳаракатланади. У Бухородан соат 15:45 да жўнаб, Хивага 20:25 да етиб келади.
Шунингдек, 14 сентябрдан бошлаб 701-сонли «Бухоро-1 — Тошкент» электропоезди ҳар душанба куни қатнайди. Поезд Бухородан соат 15:17 да йўлга чиқиб, Тошкентга 21:22 да етиб боради. 15 сентябрдан эса 702-сонли «Тошкент — Бухоро-1» электропоезди ҳар сешанба куни қатновини амалга оширади. У Тошкентдан соат 10:05 да жўнаб, Бухорога 15:17 да етиб келади.
Янги электропоездлар қатновининг йўлга қўйилиши муносабати билан қатор йўловчи поездларининг ҳаракат жадвалига ҳам ўзгартишлар киритилади. Жумладан, 56-сонли Тошкент Жанубий — Хива — 8 сентябрдан, 58-сонли Тошкент Жанубий — Шовот — 10 сентябрдан, 127/128-сонли Андижон — Қўнғирот — 8 сентябрдан, 301-сонли Душанбе — Тошкент — 15 сентябрдан, 6412-сонли Тошкент Жанубий — Ховос — 15 сентябрдан, ҳар сешанба куни, 6353-сонли Урганч — Нукус — 9 сентябрдан бошлаб янги жадвал асосида ҳаракатланади.
Янги қатновларнинг йўлга қўйилиши мамлакатнинг тарихий ва сайёҳлик марказлари ўртасидаги транспорт алоқаларини янада яхшилаш, шунингдек, аҳоли ва сайёҳлар учун қулай ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА