Хитойда СИ ва бандликни ривожлантириш бўйича янги чоралар белгиланди
Хитой сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш, бандлик сифатини ошириш ва меҳнат бозорида юзага келиши мумкин бўлган хавфларни камайтиришга қаратилган янги йўриқномани эълон қилди.
“Синьхуа” ахборот агентлиги хабар беришича, ХХР Давлат кенгаши томонидан қабул қилинган ҳужжатда олтита устувор йўналиш бўйича 18 та вазифа белгиланган. Улар сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиб бандликни кенгайтириш, ходимларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштиришни назарда тутади.
Хусусан, микро, кичик ва ўрта корхоналарда янги иш ўринлари ташкил этиш, сунъий интеллект билан боғлиқ касбларни ривожлантириш ва малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, янги технологиялар таъсирида иш ўрнини йўқотиш хавфига дуч келган ходимларни қайта тайёрлаш ва ишга жойлаштириш механизмларини кучайтириш режалаштирилган.
Ҳужжатда сунъий интеллектнинг меҳнат бозорига таъсирини мунтазам кузатиб бориш, эҳтимолий хавфларни эрта аниқлаш ва уларнинг салбий оқибатларини юмшатиш чоралари ҳам белгиланган.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда ХХРда сунъий интеллектнинг асосий тармоқлари ҳажми 1,2 триллион юандан (тахминан 178,6 миллиард доллар) ошган. Соҳада фаолият юритаётган корхоналар сони эса 6200 тадан ортган. Йил якунида йирик саноат корхоналарининг 30 фоиздан зиёди сунъий интеллект технологияларини жорий этган.
А.Маматов, ЎзА