Хитойда қутб бўриси клонлаштирилди
Хитойнинг “Sinogene Biotechnology Co” биотехнология компанияси дунёдаги биринчи клонлаштирилган ёввойи қутб бўриси дунёга келганини эълон қилди.
Хитойнинг “Global Times” газетаси хабар беришича, хитойлик тадқиқотчилар 2020 йилдан буён йўқолиб кетиш хавфи остида турган бўрини қутқариш мақсадида қутб жониворларига ихтсослаштирилган Harbin Polarland океанариуми билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
“Sinogene Biotechnology Co” бош директори Ми Цзидун (Mi Jidong)нинг сўзларига кўра, донор ҳужайралар Канададан олиб келинган ёввойи урғочи қутб бўрисининг тери намунасидан олинган. Клонлаштириш тахминан икки йил давом этди.
Экспертлар дунёда биринчи клонлаштирилган ёввойи Арктика бўрисининг туғилиши клонлаштириш технологиясини қўллашдаги муҳим босқич деб ҳисоблайди. Бу биологик хилма-хиллик ва ноёб, йўқолиб кетиш хавфи остида турган жониворларни сақлаб қолишда катта аҳамиятга эга.
Қутб бўриси —оч рангли бўрининг кенжа тури. У денгиз музлари ва муз билан қопланган катта майдонлардан ташқари Арктика ҳудуди бўйлаб ва тундрада яшайди.
Омон қолиш учун у тўғри келган ҳар қандай озуқани ейишга мослашди. У Арктикадаги ҳаёт шароитига яхши мослашган, яъни у йиллар давомида нолдан паст ҳароратда яшаши, бир неча ой қуёш нурини кўрмаслиги ва ҳафталаб овқатланмаслиги мумкин.
Роман БОНДАРЧУК