Хитойда "Boeing-737" ҳалокатининг эҳтимолий сабаби аниқланди
АҚШ Миллий транспорт хавфсизлиги кенгаши (NTSB) 2022 йил 21 мартда юз берган "China Eastern Airlines" авиакомпаниясига тегишли "Boeing" 737-800 самолётининг ҳалокатини ёқилғи таъминотидаги узилиш билан боғлади, деб хабар бермоқда "South China Morning Post" нашри.
NTSB хулосаларига кўра, “Boeing-737” двигателнинг мажбурий ўчирилиши туфайли қувватни йўқотган. 8839 метр баландликда иккала двигателнинг ёнилғи дастаклари "ўчириш" ҳолатига ўтказилган. Бу учувчилар кабинасида қасддан қилинган ҳаракатларни кўрсатади.
ХХР расмийлари миллий хавфсизлик муаммоларини айтиб, ҳалокат бўйича якуний ҳисоботни ҳали эълон қилмади. Тергов Хитой Фуқаро авиацияси маъмурияти томонидан мувофиқлаштирилмоқда. “Boeing-737” учоғини ишлаб чиқарувчи сифатида АҚШ томони ҳам ишда иштирок этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, МU5735 рейсининг ҳалокати Хитойда сўнгги ўн йилликлар ичида содир бўлган энг фожиали авиаҳалокат эди ва унда 123 йўловчи ва 9 экипаж аъзоси қурбон бўлган.
Г.Сатторова, ЎзА