Хитой космос пойгасида янги маррага чиқди
ХХР илк бор ракета кучайтиргичини назорат остида муваффақиятли қайтаришга эришди. Мамлакатнинг “Long March-10B” ташувчи ракетаси Хайнань вилоятидаги Вэньчан космодромидан учирилди ва парвоздан сўнг махсус денгиз платформасига бехато қўндирилди.
Бу натижа космик дастури учун тарихий ютуқ сифатида баҳоланмоқда.
Парвоз вақтида ракета биринчи босқичи иккинчи босқичдан ажралгач, олдиндан белгиланган траектория бўйича ҳаракатланиб, Хайнань соҳиллари яқинида жойлаштирилган сузувчи платформага муваффақиятли қайтди. Шу орқали Хитой қайта фойдаланиш мумкин бўлган ракета технологияларини ривожлантириш йўлида муҳим қадам ташлади.
Мутахассислар фикрича, биринчи босқични қайта тиклаш технологияси келажакда космик парвозлар харажатини сезиларли даражада қисқартириши мумкин. Бу усул ракета қисмларини бир неча марта ишлатиш имконини бериб, янги миссияларни амалга оширишни анча арзонлаштиради.
Расмийлар ушбу муваффақиятни коинотга қаратилган дастурларни ривожлантиришда муҳим босқич деб баҳоламоқда. Таъкидланишича, кейинги йилларда Хитой қайта ишлатиладиган ракета технологияларини янада такомиллаштириб, халқаро космик пойгада ўз мавқеини мустаҳкамлашни мақсад қилган.
Мусулмон Зиё, ЎзА