Ҳисоб палатасининг 2025 йилдаги фаолияти кўриб чиқилди
Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини атрофлича муҳокама қилмоқда.
Мажлисда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М.Абдуллаев маъруза қилиб, ҳисобот йилида амалга оширилган ишлар ва назорат тадбирлари натижалари ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, ҳисобот йилида Ҳисоб палатаси томонидан жами 155 та назорат тадбири ўтказилиб, уларнинг салмоғи 2024 йилга нисбатан қарийб 20 фоизга ошган. Аудит тадбирлари давомида бир қатор молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Кўрилган чоралар натижасида 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ бюджетга қайтарилган. Хавф-хатарни олдиндан (превентив) назорат қилиш орқали 8,1 триллион сўмлик асоссиз харажатларнинг олди олинган.

Ҳисобот даврида давлат маблағларининг мақсадли сарфланиши, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган бюджет маблағлари самарадорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. 2025 йилда давлат бюджетидан таълим ва тиббиёт соҳаларига ажратилган маблағлар ҳажми 2024 йилга нисбатан 1,2 баробарга, 2023 йилга нисбатан 1,4 баробар ошгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, давлат харидлари соҳасида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди. Қайд этилганидек, 2025 йилда 2 миллионта давлат харидлари бўйича шартномалар имзоланган. Бу борада аниқланган камчилик ва хатоларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилган.

Ҳисоб палатаси фаолиятида анъанавий назоратдан тизимли таҳлил ва превентив механизмларга ўтиш жараёнлари сезиларли даражада жадаллашган. Давлат аудитининг рақамлаштирилиши натижасида бюджет маблағлари тежалгани, бюджетлаштириш жараёнида Ҳисоб палатаси иштироки кенгайгани ҳамда стратегик режалаштириш усуллари жорий этилгани ижобий баҳоланди. Бу саъй-ҳаракатлар Палатанинг нафақат “ижродан кейинги” назорат, балки “режалаштириш босқичидаги” масъулиятини оширади, дея таъкидланди.
Таъкидланганидек, Ҳисоб палатаси фаолиятида рақамли технологиялар кенг жорий этилмоқда. Хусусан, “Масофавий аудит” тизими 75 та идоранинг 259 та маълумотлар базаси билан интеграция қилинган. Давлат харидлари соҳасида сунъий интеллект модуллари ёрдамида 83,3 миллиард сўмлик манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганликка оид қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилган.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА