Ҳиндистонда яна бир табиий офат кузатилди
Ҳиндистон шарқий соҳилига ёпирилган кучли “Арнаб” циклони шиддатли шамол ва кучли ёмғир келтириб чиқарди ва натижада қатор ҳудудларда вайронагарчилик кузатилди.
Расмий маълумотга кўра, офат туфайли камида олти киши ҳалок бўлган. Маҳаллий манбалар дарахт ва уйлар қулаши ҳамда ток уриши оқибатида қурбонлар сони тўққиз кишига етганини маълум қилган.
Бўрон таъсирида 15 000 дан кўп электр устуни шикастланиб, кўплаб аҳоли манзилларида чироқ ўчган. Ҳозир аксар туманларда электр таъминоти тикланган бўлса-да, Конасима ва Ғарбий Годаварида узилиш ҳамон сақланиб қолмоқда. Таъкидланишича, замонавий технология ёрдамида хавфли ҳудудлар олдиндан аниқланиб, талафот кўлами имкон даражасида камайтирилган.
Циклон яқинлашиши олдидан Андра-Прадеш ва Одиша штатларидан 180 000 га яқин одам хавфсиз жойга кўчирилди, мактаблар ёпилди, поезд ва ҳаво қатнови вақтинча бекор қилинди. Шунингдек, кучли тўфон туфайли соҳил яқинида саҳнида 20 нафар экипаж аъзоси бўлган хорижий юк кемаси тўхтаб қолган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА