Ҳиндистонда кучли ёғингарчилик оқибатида 14 киши ҳалок бўлди
Ҳиндистон жанубидаги Тамил Наду штатида октябрь ойи ўрталаридан бери давом этаётган муссон мавсуми ҳудудда талофатли оқибатларга олиб келмоқда.
“PTI” ахборот агентлиги хабар беришича, ноқулай об-ҳаво пайти камида 14 киши чақмоқ уриши оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Ёғингарчилик сабабли минтақада 62 та кўчки содир бўлди, натижада кўплаб аҳоли турар жойлари ва қишлоқ хўжалиги майдонлари сув остида қолди.
Фавқулодда вазият сабабли расмийлар юқори даражадаги хавфсизлик тартибини жорий этди ва ҳаво шароити барқарорлашгунча тоғ курортларига сайёҳлар киришини чеклаб қўйди.
Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида маҳаллий фуқароларнинг ҳаракатланишига фақат туман ҳокимлиги томонидан бериладиган махсус рухсатнома асосида, эрталабки соат 06:00 дан кечки 18:00 гача рухсат берилмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА