Ҳиндистонда 9 нафар полиция ходимига ўлим жазоси тайинланди
Ҳиндистоннинг Тамилнад штатида 2020 йилда қамоқда ҳалок бўлган ота-бола иши бўйича суд қарор чиқарди. Гап шундаки, 58 ёшли П.Жеяраж ва унинг ўғли Беникс пандемия вақтида дўконни ёпмагани учун ушланган эди. Суд маълумотига кўра, улар ҳибсхонада шафқатсизларча калтакланган ва оғир жароҳатлар туфайли вафот этган. Бу воқеа жамиятда катта шов-шувга сабаб бўлган эди.
Таъкидланишича, ўлка суди 9 нафар полиция ходимини қасддан қотилликни содир этганликда айбдор деб топиб, уларга ўлим жазоси тайинлади. Судья бу ҳолатни “ҳокимиятни очиқча суиистеъмол қилиш” деб баҳолаган. Унинг таъкидлашича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар қуролсиз фуқароларга атайлаб ҳужум қилган.
Бу иш Ҳиндистонда полиция зўравонлиги муаммосини яна кун тартибига олиб чиқди. Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳар йили юзлаб одамлар қамоқда ҳалок бўлишини айтиб келади. Уларга кўра, айрим ҳолатларда айбни тан олдириш учун зўравонлик қўлланилади. Бу эса тизимли муаммо сифатида баҳоланмоқда.
Воқеадан кейин мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Сиёсатчилар ва жамоат арбоблари адолат талаб қилди. Халқаро ташкилотлар эса Ҳиндистонни полиция тизимини ислоҳ қилишга чақирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА