Ҳимоя ордери аёллар хавфсизлигини таъминлашда муҳим ҳуқуқий механизм
Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан асраш, гендер тенгликни таъминлаш ҳамда оила институтини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ва амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, балки жабрланувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳам хизмат қилмоқда. Ана шундай самарали ҳуқуқий воситалардан бири ҳимоя ордеридир.
Ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсга давлат ҳимоясини тақдим этувчи, ҳуқуқбузар шахсга нисбатан қонунчиликда белгиланган чеклов ва мажбуриятларни юклашга асос бўлувчи расмий ҳужжат ҳисобланади. Унинг аҳамияти шундаки, мазкур механизм зўравонлик оқибатларини бартараф этишдан кўра, аввало унинг такрорланишининг олдини олишга қаратилган.
Ҳимоя ордерининг самарадорлиги унинг ижросини таъминлаш механизмлари билан ҳам белгиланади. Агар ҳуқуқбузар шахс ордер талабларига риоя этмаса, қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилади. Бу эса мазкур ҳужжатнинг амалий аҳамиятини янада оширади.
Бугунги кунда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекциянинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан тазйиқ ва зўравонликдан хотин-қизларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифати ва қонунийлиги устидан доимий назорат ўрнатилган.
Жумладан, 2025 йилда Навоий шаҳрида 660 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери расмийлаштирилган бўлса, 2026 йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 143 нафарни ташкил этмоқда.
Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини бартараф этишда фақат ҳуқуқий чоралар эмас, балки ижтимоий ва психологик ёрдам ҳам муҳим аҳамият касб этади. “Инсон” марказлари ва ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими орқали 2025 йилда 41 нафар, 2026 йилнинг биринчи чорагида эса 8 нафар хотин-қиз “Бирламчи кўмак хонаси”га жойлаштирилиб, уларга зарур ёрдам кўрсатилган.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда Навоий шаҳрида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича 763 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатлар асосида 487 нафар шахсга психологик, 276 нафар шахсга эса юридик хизматлар кўрсатилган.
Ижтимоий инспекция томонидан суд органлари билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ҳам ижобий натижалар бермоқда. Хусусан, бир қатор хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида алимент ундириш бўйича судларга мурожаат қилиниб, уларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилган.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёлларнинг ҳаётини тиклаш ва жамиятга қайта мослашувида реабилитация марказларининг ўрни беқиёсдир. 2025 йил давомида Навоий шаҳридан 31 нафар хотин-қиз ва уларнинг 50 нафар фарзанди Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига жойлаштирилган.
Марказда уларга психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий хизматлар кўрсатилган. Жумладан, 2025 йилда мазкур марказда 107 нафар хотин-қиз ва 156 нафар вояга етмаган бола, 2026 йилнинг биринчи чорагида эса 55 нафар жабрланган хотин-қиз реабилитация хизматларидан фойдаланган.
Бугунги кунда ҳимоя ордери фақат ҳуқуқий ҳужжат сифатида эмас, балки инсон қадрини ҳимоя қилиш, аёллар хавфсизлигини таъминлаш ва жамиятда адолат тамойилларини қарор топтиришга хизмат қилувчи муҳим ижтимоий институт сифатида намоён бўлмоқда. Энг муҳими, мазкур тизим орқали жабрланган шахслар ўз муаммолари билан ёлғиз эмаслигини, давлат ва жамият уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр эканини ҳис қилмоқда. Бу эса хотин-қизларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва соғлом жамият барпо этиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Элбек Икромов,
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекциянинг
Навоий вилояти бошқармаси бош мутахассиси.
ЎзА