Ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмади
Инсон дардини эшитиш, муаммосига қулоқ тутиш ва унга амалий ечим топиш — давлат идоралари фаолияти самарадорлигининг энг муҳим мезонидир. Сирдарё туманининг Пахтакор маҳалласида ўтказилган навбатдаги сайёр қабул ана шу тамойилнинг ҳаётдаги амалий ифодаси бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сирдарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси ташаббуси билан, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раислигида ташкил этилган қабулда 106 нафар фуқародан 213 та мурожаат қабул қилинди. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, оила ташвиши ва эртанги кунга бўлган ишонч мужассам экани инобатга олиниб, улар масъуллар иштирокида атрофлича кўриб чиқилди.
Қабул давомида жойида ҳал этиш мумкин бўлган масалаларга дарҳол амалий ечим топилди. Қўшимча ўрганиш талаб этилган мурожаатлар эса тегишли ташкилотларга бириктирилиб, уларнинг ижроси қатъий назоратга олинди. Бу эса ҳар бир мурожаатнинг натижа билан таъминланишига қаратилган амалий ёндашувнинг яна бир тасдиғи бўлди.
Таҳлилларга кўра, мурожаатларнинг асосий қисми бандлик ва ишга жойлашиш масалаларига тўғри келди — 73 та. Шунингдек, уй-жой ва кадастрга оид 41 та, ижтимоий ҳимоя ва моддий ёрдам бўйича 36 та, коммунал хизматлар ҳамда инфратузилмани яхшилашга доир 20 та, қишлоқ хўжалиги ва ер муносабатлари юзасидан 17 та мурожаат қайд этилди.

Бундан ташқари, тадбиркорлик ва имтиёзли кредитлар бўйича 8 та, соғлиқни сақлаш соҳасига оид 5 та, ҳуқуқий ҳамда солиқ масалалари бўйича 4 та, бошқа йўналишларда эса 9 та мурожаат қабул қилинди. Бу рақамлар аҳолини энг кўп қийнаётган масалалар қайси соҳаларда тўпланганини яққол намоён этди.
Сайёр қабулда нафақат Пахтакор маҳалласи, балки туманнинг бошқа маҳаллалари аҳолиси ҳам фаол иштирок этди. Давлат идоралари раҳбарлари ва соҳа мутасаддилари фуқароларнинг саволларини бевосита тинглаб, ҳуқуқий тушунтиришлар ва амалий тавсиялар берди. Имкони бор масалалар жойида ҳал этилди, мураккаб мурожаатлар бўйича эса аниқ муддатлар ва масъуллар белгиланди.

Энг муҳими, Пахтакор маҳалласида ўтказилган сайёр қабул расмий тадбир эмас, балки давлат идоралари билан аҳоли ўртасидаги очиқ ва самимий мулоқот майдонига айланди. Бу ерга келган фуқаролар ўз дарду ташвишларини баён қилибгина қолмай, мурожаатларининг аксариятига шу жойнинг ўзидаёқ амалий ечим топилди. Қўшимча ўрганиш талаб этилган мурожаатлар эса назоратга олиниб, уларни ҳал этиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Ғулом Примов, ЎзА