Ҳеч бир бола меҳр ва эътибордан четда эмас
Андижон вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлик хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси жамоаси Қўрғонтепа туманидаги “Мурувват” болалар уйи тарбияланувчиларини йўқлади.
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати бутун мамлакатимизда бўлгани каби Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида ҳам “Болаларга беринг, дунёни!” шиори остида байрам тадбирлари, маданий-маърифий кечалар бўлиб ўтди.


Байрам муносабати билан вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбир ҳам алоҳида эътиборга муҳтож болажонларга қувонч, ўксик кўнгилларига кўтаринкилик, байрамона кайфият тортиқ этди.


Тадбир очилишида сўз олганлар юртимизда болажонларнинг соғлом бўлиши, бахтли яшаши, уларнинг порлоқ келажаги учун зарур барча ишлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлади.
Бошқарма раҳбарияти ва шахсий таркиби иштирокидаги тадбирлар ушбу масканда чинакам байрам муҳитини яратди. Айниқса, болажонлар учун махсус тайёрланган кўнгилочар чиқишлар, қизиқарли ўйинлар, ходимларнинг ҳар бир бола билан самимий мулоқоти, тақдим этилган совға-саломлар уларга олам-олам қувонч улашди.

Ушбу тадбир ҳеч бир бола меҳр ва эътибордан четда эмаслиги, бахтли болаликка лойиқ эканлигининг ёрқин намунаси бўлди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири