ХДП: “Сиёсатдаги ёшлар” интеллектуал турнири ўтказилди
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида “Сиёсатдаги ёшлар” интеллектуал турнири ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши масъул ходимлари, партиянинг “Ёшлар қаноти” аъзолари, партия фаоллари, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Унда ёшлардан иборат жамоалар ўзаро беллашди.
Таъкидланганидек, интеллектуал турнирни ўтказишдан асосий мақсад, ёшларнинг сиёсий билим ва кўникмаларини ошириш, уларнинг сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишини таъминлаш, ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Шунингдек, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалиётга татбиқ этишда партия сафидаги ёшларнинг салоҳиятидан фойдаланиш, юксак сиёсий билим ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган ёшларни аниқлаш, истеъдод ва қобилиятларини рўёбга чиқариш ҳисобланади.
Танловда иштирокчилар 2 та шарт бўйича ўз билимларини синовдан ўтказишди. “Тезкор савол-жавоб” деб номланган биринчи шартда иштирокчилар тез ва аниқ жавоб бериш орқали давлат бошқаруви ва сиёсий жараёнларга оид тузилган саволларга жавоб бериб, ўзларининг билим ва тез фикрлаш қобилиятларини намойиш этди. “Мулоҳаза ва мантиқий таҳлил” деб номланган иккинчи шартда эса ҳар бир жамоа сардори ҳакамлар ҳайъати томонидан тайёрланган саволни танлаб олди ва жамоаси билан биргаликда жавоб берди.

Интеллектуал турнир якунида “Gemini” жамоаси биринчи, “Teatron” жамоаси иккинчи ўринни, “Everest” жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди. Ғолиблар партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан тайёрланган махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Тадбир якунида партия сафига янги қабул қилинган ёшларга партия аъзолик гувоҳномалари ва эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА