ХДП фаолияти сарҳисоб қилинди
Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг пленуми бўлиб ўтди.
Пленумда партия Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя, ижтимоий хизматлар, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш йўналишларида мутлақо янги тизим шаклланганини алоҳида таъкидлади.
Хусусан, 2025 йилда 5 миллион нафар аҳолининг даромад манбалари кенгайтирилди, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга камайди. Қарийб 1,5 миллион нафар фуқаро камбағалликдан чиқарилди. Камбағаллик даражасининг 8,9 фоиздан 5,8 фоизга пасайгани манзилли ёндашув, изчил меҳнат ва қатъий назоратга асосланган сиёсатнинг амалий натижаси эканини қайд этди.
Шунингдек, Пленумда янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили" Давлат дастурида белгиланган мақсад-вазифалар Халқ демократик партиясининг сиёсий ғоялари билан муштарак экани таъкидланди. Бу эса партия ташкилотлари ва депутатлик корпуси зиммасига катта масъулият юклайди, ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиш зарурлигини тақозо қилади.
Пленумда депутатларнинг “Ташаббусли бюджет” жараёнларида етарли овоз тўпламаган лойиҳаларни ғолиб деб топиш, маҳаллаларда яшил ҳудудлар, боғ ва жамоат паркларини барпо этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларидан сайловчилар ва партия электорати манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиш йўлида доимий унумли фойдаланиш лозимлиги таъкидланди.
Пленумда партия Сайловолди дастурини амалга оширишга қаратилган Ҳаракат дастури ижроси ҳам таҳлилий танқидий кўриб чиқилди. Эришилган ютуқлар билан бирга, мақсад ва вазифаларни амалга ошириш жараёнида йўл қўйилган камчиликларга эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси қонун ижодкорлиги жараёнида партия дастурий мақсадларини ифода этиш бўйича тизимли иш олиб бормоқда. Шу билан бирга, жамиятда содир бўлаётган муҳим воқеа-ҳодисалар, тўғридан-тўғри электорат манфаатлари билан боғлиқ ижтимоий масалаларда фракция аъзолари шахсий ташаббус ва позиция кўрсатиши талаб этилмоқда.
Шунингдек, партия ҳудудий кенгашлари ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолияти ҳам сарҳисоб қилинди. Улар томонидан электорат манфаатлари билан боғлиқ долзарб масалаларни ўрганиш, уларни очиқ муҳокама қилиш ва қатъий сиёсий позиция билдиришда етарли ташаббус кўрсатилмагани танқид қилинди.
Муҳокамаларда партия ва унинг депутатлик корпуси фаолиятини янада ривожлантириш бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди. Шулар асосида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг устувор вазифалари белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА