Тақдимот
Инсонга табассум ҳадя этишнинг турли йўллари бор ва бу шунчаки оддий иш ҳам эмас, шу билан бирга ҳамма ҳам буни эплай олмайди. Бунинг учун унда катта юрак ва иқтидор бўлмоғи керак. Чунки инсоннинг кўнгли нозикдир. Ноўрин айтилган биргина сўз инсонга умрининг сўнгигача азоб бериши ва аксинча биргина жумла унга йиллар давомида катта куч ва кўтаринки кайфият бериши ҳам бор гап. Ўзбек адабиётида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган, кулги улашишдан чарчамаган забардаст ижодкор бу Неъмат Аминовдир.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминовнинг номи китобхонларга яхши таниш. Адиб дастлабки ҳикоя ва ҳажвиялари билан ўз ўқувчиларини топган ижодкорлардан. Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад ибораси билан айтганда “Неъмат Аминов ўзбек адабиётида биринчилардан бўлиб, ҳажвий роман яратди. Бу асар ҳар жиҳатдан етук, адабиётимизда узоқ вақт кулиб турадиган китоблардан бири”.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адиб Неъмат Аминовнинг “Танланган асарлар” китобининг тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунос олимлар ҳамда ёшлар, адиб билан узоқ вақт бирга меҳнат қилган ижодкорлар иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид олиб борди. Таниқли адабиётшунос олим, таржимон Зуҳриддин Исомиддинов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раиси Раҳматилла Шералиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Шуҳрат Жабборов, рассом Ҳусан Содиқов ва бошқалар сўзга чиқиб Неъмат Аминов ижодидаги ёрқин қирралар, сўзга бўлган эътибори ва ҳурмати, ҳозиржавоблик борасидаги маҳорати, ҳажвга ўта бой хислатлари ва самимийлиги ҳақида ўз фикрларини баён қилди.

– Ижод оламида энг мураккаб жанр бу ҳажвчиликдир. Бу мушкул ишни ҳамма ҳам ўз зиммасига олмайди. Шу билан бирга Неъмат Аминов яна бир йўналиш – таржимада ҳам шижоат билан қалам тебратди. Кўплаб мамлакатларнинг кулги дарғалари асарларини ўзбек тилига қойилмақом қилиб ўгирди. Ҳажвда таржима ниҳоятда мушкул вазифа саналади. Лекин Неъмат Аминов буни катта маҳорат билан адо этди. Ушбу тўпламни қўлга олган ўқувчи мутолаа жараёнида бунга тўлиқ амин бўлади. Бизнинг, ёшларнинг ва барча китобхонларнинг адибдан катта қарзимиз бор. У ҳам бўлса, унинг асарларини мутолаа қилишимиз ва адибга юксак эҳтиром кўрсатишимиз лозим, – деди филология фанлари доктори, адабиётшунос олим Сувон Мелиев.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашр этилган ушбу тўпламдан ёзувчининг “Ёлғончи фаришталар” романи, “Бир асар ҳикояти” қиссаси, дилбар ҳикоялар ва ичакузди ҳажвиялари ҳамда ўз вақтида катта шов-шувларга сабаб бўлган фельетонлари ўрин олган. Китобни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ашурали Жўраев нашрга тайёрлаган.
Асрор Сулаймонов, ЎзА