"Ҳаж-2026" мавсуми учун янги ва қатъий қоидалар эълон қилинди
2026 йилги Ҳаж мавсумига тайёргарлик жараёнида Саудия Арабистони Маккага кириш тартибини кескин кучайтирди. Бу қадам миллионлаб зиёратчилар учун нимани англатади ва кимга қандай таъсир кўрсатади?
2026 йил Ҳаж мавсуми май ойининг охирги ўн кунлигига тўғри келиши кутиляпти, Муқаддас Қурбон ҳайити тахминан 26-27 май кунлари нишонланиши мумкин. Шу муносабат билан Саудия Арабистони ҳукумати Макка шаҳрида хавфсизликни таъминлаш ва зиёратчилар оқимини тартибга солиш мақсадида қатъий чоралар эълон қилди. Хусусан, 13 апрелдан бошлаб шаҳарга кириш чекланиб, эндиликда фақат расмий Ҳаж рухсатномаси, Маккада яшаш гувоҳномаси ёки ишлаш рухсатномасига эга шахсларгина киритилмоқда.
Умра визаси билан келган сайёҳлар эса 18 апрелга қадар мамлакатни тарк этиши шарт. Аксинча ҳолат қонунбузарлик сифатида баҳоланади.
Ўзбекистон учун жорий йил 15 000 ўрин ажратилган бўлиб, Ҳад сафари фақат расмий тартибда, Дин ишлари бўйича қўмита назорати остида ташкил қилинади.
Саудия Ички ишлар вазирлиги рухсатномасиз зиёрат қилишга уринаётганларга нисбатан аёвсиз жазо белгилаган: қоидани бузган киши 5 300 доллар, унга кўмаклашган ёки кузатиб борган жисмоний ёки юридик шахсга эса 26 000 долларгача жарима тўлайди. Шунингдек, ноқонуний зиёратчи депортация қилиниб, 10 йил Саудияга кириш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Ҳозир ушбу йирик мавсумга тайёргарлик кўриш мақсадида Каъбатуллоҳда режали таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Ушбу жараёнда муқаддас уйнинг металл қурилмалари, ғиштлари ва бурчаклари тозаланиб, Каъба ёпинчиғи – Кисва мустаҳкамланади, пойдевор қисми тартибга келтирилади. Айни чора-тадбирлар миллионлаб мусулмонлар хавфсиз, тинч равишда ибодат қилишини таъминлашга қаратилган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА