Ҳаётини халқ хизматига бағишлаган ҳуқуқшунос Ҳалима Муҳитдинованинг 110 йиллиги нишонланди
Суд-ҳуқуқ тизимида самарали фаолият олиб борган, ўз ҳаётини халқ хизматига бағишлаган Ҳалима Муҳитдинованинг ибратли ҳаёт йўли ёшлар учун ибрат намунаси.
Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Ҳалима Муҳитдинова номидаги академик лицейда суд-ҳуқуқ фидойисининг ҳаёт йўли, амалга оширган эзгу ишларига бағишланган тантанали маросим ўтказилди.
Унда Президент Администрацияси, Судьялар олий кенгаши, Конституциявий суд, Олий суд, Судьялар ассоциацияси, Адлия вазирлиги раҳбарлари, суд фахрийлари иштирок этди.

Тадбирда ҳуқуқ фидойисининг хотирасини абадийлаштириш мақсадида таълим даргоҳига Ҳ.Муҳитдинова бюсти ўрнатилиб, хотира музейи ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари бюст пойига гуллар қўйиш билан бирга, хотира музейида бўлиб, Ҳалима Муҳитдинова ҳаёти ва фаолиятига бағишланган экспонатлар, иш буюмлари билан танишди.

–Мен Ҳалима Муҳитдинова номидаги академик лицейда таълим олаётганимдан хурсандман, – дейди таълим муассасасининг 1-босқич ўқувчиси Мунзура Раҳматуллаева. – Албатта, келажакда мазкур муассасани тамомлаб, Ҳалима Муҳитдинова каби фидойи ҳуқуқшунос бўлмоқчиман.
Шундан сўнг хотира тадбири Наманган вилояти мусиқали драма театрида давом этди. Сўзга чиққан суд тизими фахрийлари, меҳмонлар Ҳалима Муҳитдинованинг меҳнат фаолиятига тўхталиб, кўрсатган хизматлари, жасорат ва фидойиликлари ҳақида гапириб берди.
Тадбир давомида Ҳалима Муҳитдинованинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Матонат маликаси” номли китоб ва шу номдаги ҳужжатли фильм тақдимоти бўлиб ўтди. Айниқса, суд-ҳуқуқ фидойисига бағишлаб саҳналаштирилган театр композицияси томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлди.

Тантанали тадбир давомида Ҳалима Муҳитдинова ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб куйланган “Адолат қуёши” номли қўшиқ премьераси ҳам бўлиб ўтди. Шу билан бирга, ёзувчилар томонидан “Умр саодати” достон-поэмаси, “Меҳрнинг мангу қўшиғи” номли драма ёзилиб, газеталарда эълон қилингани айтилди. Айни шу ишларга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган ижодкорларга Наманган вилояти ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА