Хавфсиз хонадон — хотиржам ҳаёт кафолати
Янгиер шаҳрида кўп қаватли турар жойларда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбир ўтказилди. Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари «Хавфсиз хонадон» концепцияси асосида биноларнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолатини ўрганиб, зарур чораларни амалга оширди.
Тадбир доирасида фавқулодда вазиятларда аҳолини тезкор огоҳлантириш ва хавфсиз эвакуация қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида кўп қаватли уйлардаги хонадонларга газанализаторлар, ёнғин ўчириш воситалари, ёнғиндан хабар берувчи сигнализация қурилмалари ҳамда эвакуация йўлакларининг чизмалари ўрнатилди.
Шунингдек, биноларнинг умумий ҳудудларини 24 соат давомида кузатиш имконини берувчи 360 даражали видеокамералар ўрнатилиб, хавфсизликни доимий назорат қилиш шароити яратилди. Аҳоли учун ёнғин хавфсизлиги талаблари ва фавқулодда вазиятлар вақтида амал қилиниши лозим бўлган қоидалар акс эттирилган йўриқномалар кўринарли жойларга жойлаштирилди.
[gallery-31773]
Тадбир давомида аҳоли билан мулоқотлар ўтказилиб, ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг олдини олиш чоралари ҳамда хавф юзага келганда тўғри ҳаракат қилиш тартиби тушунтирилди. Хусусан, эвакуация йўлакларини тўсиб қўймаслик, газ ва электр жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш, ёнғин содир бўлганда тезкор ва тўғри ҳаракат қилиш бўйича тавсиялар берилди.
Аҳолининг амалий кўникмаларини ошириш мақсадида ёнғин ўчиргичларидан фойдаланиш бўйича амалий машғулот ташкил этилди. Мутахассислар ёнғиннинг дастлабки босқичида ёнғин ўчиргичдан тўғри фойдаланиш, хавфсиз масофани сақлаш ва ўзини ҳимоя қилиш чораларини амалда кўрсатиб берди.
— «Хавфсиз хонадон» концепцияси доирасидаги бундай тадбирлар аҳолининг ёнғин хавфсизлиги бўйича билим ва амалий кўникмаларини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Кўп қаватли турар жойларда хавфсизлик талабларига риоя қилиш, эвакуация йўлакларини очиқ сақлаш, ёнғин ўчириш воситаларининг мавжудлиги ва улардан тўғри фойдаланиш муҳим.
Аҳоли билан мунтазам тушунтириш ишларини ташкил этиш орқали фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини камайтириш мумкин, — дейди Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими, капитан Даврон Сулаймонов.
Мазкур тадбир аҳолининг фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини ошириш, хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш маданиятини шакллантириш ҳамда инсон ҳаёти ва мол-мулкини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этди. Зеро, хавфсиз муҳитни таъминлаш масъул ташкилотлар билан бир қаторда, ҳар бир хонадон аҳолисининг эътибори ва масъулиятига ҳам боғлиқ. Бу жиҳат «Хавфсиз хонадон» концепцияси доирасида ўтказилган профилактик ва тарғибот тадбирларида ҳам яққол намоён бўлди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА