“Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари бошланди
Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Ботир Қудратхўжаев раҳбарлигида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда июль ойида мамлакатимизда ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик ойлиги доирасида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, фуқароларнинг ҳаёти ва мол-мулки дахлсизлигини ишончли таъминлаш, профилактик тадбирлар самарадорлигини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, соҳавий хизматлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда мавжуд куч ва воситалардан самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.

Тадбирда ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, аҳоли билан манзилли ишлаш ва профилактик тадбирларни сифатли ташкил этиш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Шундан сўнг Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари бошчилигида ички ишлар органлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари учун кенгайтирилган хизмат олди йўриқномаси ўтказилди.

Унда “Хавфсиз ва соғлом юрт” тадбири доирасида кучайтирилган тартибда хизмат олиб бориш, жамоат тартибини ишончли сақлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фуқаролар билан манзилли ишлаш ҳамда ҳудудларда барқарор криминоген вазиятни таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш, оилавий зўравонлик ҳолатларининг барвақт олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларига олиб келувчи омилларни бартараф этиш, ноқонуний миграция ҳамда бошқа турдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш чораларини янада кучайтириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Айни пайтда вилоят ҳудудларида ойлик доирасидаги профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири