«Хавфсиз шаҳар» – йўлларда хавфсизликнинг рақамли кафолати
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бу фақат йўл-патруль хизмати ёки ҳайдовчининг масъулияти эмас. Бугун шаҳар инфратузилмаси, замонавий технологиялар, автоматлаштирилган назорат ва рақамли маълумотлар ҳам йўлларда инсон ҳаётини асрашнинг муҳим воситасига айланмоқда. «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси ана шу мақсадга хизмат қилади.
Бугун Фарғона вилояти кўчаларида ҳаракатланаётган автомашиналар сонининг ортиб бориши мазкур масаланинг долзарблигини янада оширмоқда.
Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2026 йил 1 июль ҳолатида Фарғона вилояти энг юқори кўрсаткичлардан бирига эга. Вилоятда жисмоний шахсларга тегишли 573 472 та автотранспорт воситаси қайд этилган. Бу кўрсаткич бўйича Фарғона Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятидан кейинги ўринда туради.
Бу рақамнинг ўзиёқ вилоят шаҳар ва туманларида йўл ҳаракатини самарали бошқариш, тирбандликларни камайтириш, қоидабузарликларни барвақт аниқлаш ва аварияларнинг олдини олиш учун замонавий технологияларга эҳтиёж нақадар катта эканини кўрсатади.
Бунинг учун «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасини амалга ошириш долзарб бўлиб турибди.

«Хавфсиз шаҳар» – шаҳардаги хавфсизлик жараёнларини рақамли технологиялар асосида бошқаришга қаратилган интеграциялашган тизим.
Унинг йўл ҳаракати хавфсизлигидаги энг муҳим жиҳати автоматик фото ва видео қайд этиш имкониятидир. Яъни светофорнинг қизил чироғида ўтиш, белгиланган тезликни ошириш, йўл ҳаракати қоидаларининг бошқа бузилишларини инсон омилини минималлаштирган ҳолда аниқлаш имкони пайдо бўлади.


Камера сутка давомида ишлайди ва ҳаракат оқимини узлуксиз кузатади.
Фарғона вилояти аҳоли зич жойлашган, шаҳар ва туманлари бир-бирига яқин бўлган ҳудудлардан бири. Фарғона, Қўқон, Марғилон каби йирик шаҳарларда кун давомида автомобиллар оқими катта.
Шу нуқтаи назардан қараганда, 573 мингдан зиёд автотранспорт воситаси жуда катта ҳаракат оқими демакдир. Шу боис «Хавфсиз шаҳар» технологияларини Фарғона вилояти шароитида фақат қоидабузарликни қайд этувчи восита сифатида эмас, балки йўл ҳаракатини бошқаришнинг ягона рақамли механизми сифатида ривожлантириш муҳим.
Бу вазифани амалга оширишга Фарғона вилоят ҳокимлиги хорижий инвесторларни жалб этмоқда. Айнан шу лойиҳа Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва Исроилдан ташриф буюрган инвестор Лев Хорович бошчилигидаги делегация билан муҳокама қилинди.
Мулоқотда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлашда замонавий рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш масалалари ҳақида сўз борди.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА