Хавфсиз маҳалла — тизимли иш ва аниқ натижа
Жиноятчиликни жиловлаш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш, аввало, муаммонинг илдизини аниқлаш ва манзилли профилактик чораларни йўлга қўйишдан бошланади. Тошкент вилоятида ушбу йўналишда илмий ёндашув ва амалий ҳамкорликка асосланган тизимли ишлар ўз самарасини бермоқда.
Хусусан, Криминология тадқиқот институтига бириктирилган 13 та маҳалланинг 9 таси “қизил” тоифадан чиқарилди.
Паркент туманидаги Невич маҳалласида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Б. Умаров бошчилигидаги масъул раҳбарларига мазкур ҳудудларда амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар тақдим этилди.

Президентининг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича ушбу ҳудудларда жиноятчиликнинг сабаб ва омилларини аниқлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда илмий асосланган ёндашувларни жорий этиш ҳамда хавфсиз муҳитни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Барча ишлар “илмий хулоса — тавсия — натижа” тамойили асосида ташкил этилиб, Институтнинг илмий ва амалий тажрибага эга ходимлари ҳар бир маҳаллага бириктирилди. “Маҳалла еттилиги” ва ҳудудий ички ишлар органлари билан ҳамкорликда профилактик чора-тадбирлар амалга оширилди.
Кўрилган чоралар самараси натижаларда ҳам намоён бўлди. Жорий йил давомида бириктирилган 13 та маҳалланинг 9 таси, яъни 69,2 фоизи “қизил” тоифадан чиқарилди. Жумладан, 6 та маҳалла “сариқ”, 3 таси эса “яшил” тоифага ўтказилди.

Шунингдек, қатор маҳаллаларда жиноятлар сонининг камайишига эришилди. Эришилган натижалар маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш, мавжуд муаммоларни чуқур таҳлил қилиш ва профилактика ишларни илмий асосда ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатмоқда.
А.Мусаев,ЎзА