“Хавфсиз лифт” платформаси ишлаб чиқилмоқда (+видео)
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида матбуот анжумани ташкил этилди.
Қайд этилишича, уй-жой коммунал соҳасини ривожлантириш, тизимларни модернизация қилиш ва рақамлаштиришда ҳам кўплаб лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, кўп қаватли уйларни бошқариш тизими ҳам тўлиқ рақамлаштирилиб, умумий йиғилишлар, ҳисоботлар, мурожаатлар ва диспетчерлик хизматлари рақамли кўринишга ўтказилди.
–Бундан ташқари кўп квартирали уйларнинг лифтларини бошқариш ва мониторинг қилиш бўйича “Хавфсиз лифт” ягона идоралараро платформаси ишлаб чиқилмоқда, – дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бош мутахассиси Ҳусниддин Шодиев. – Шунингдек, кўп қаватли уйлардаги 8 минг 942 та лифт техник кўрикдан ўтказилиб, улар бўйича паспорт ва мувофиқлик сертификати жорий этилади. Шу асосда келгуси 5 йилда 2 минг 1 та лифт янгиланади ва 382 таси таъмирланади. Кўп қаватли уйларнинг техник паспортлари ҳам ишлаб чиқилади. Бунинг учун дастлаб 1991 йилгача қурилган уйлар хатловдан ўтказилиб, техник паспортлари яратилади. Шу асосда барча уйлар ҳолатини аниқ кўриш мумкин бўлган электрон база ишга туширилади. Ушбу паспортлар асосида таъмирланадиган ёки реновацияга тушадиган уйлар рўйхати шакллантирилади. Кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи бошқариш органларини рўйхатдан ўтказиш тизими ҳам тўлиқ онлайн форматга ўтказилди.
Ушбу тизим орқали Бошқариш органлари фаолиятининг рўйхати, уйларни бириктириш, бошқариш органлари тўғрисида очиқ маълумотларни юритиш, эълон қилиб бориш, ходимлар, моддий-техник базаси, қарздорлиги тўғрисидаги маълумотлар, раҳбар ва ходимларнинг малака даражалари тўғрисида маълумотлар юритилади ва фаолияти методик таъминланиб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади.
“Турар жой” миллий ахборот тизими яратилиб, тизимга уйларнинг техник ҳолати тўғрисидаги маълумотлар киритилади.
Аҳолининг мурожаатлари тўлиқ “Менинг уйим” тизими орқали бошқарув-сервис компанияларига юборилади ва вазирлик томонидан уларнинг ижроси кузатиб борилади. Ушбу компаниялар фаолияти юзасидан аҳолининг мурожаат ва мулоҳазалари мазкур тизим орқали қабул қилинади ҳамда шу асосда уларнинг рейтинги шакллантирилади.
–Вазирлик томонидан май ойига қадар “Хавфсиз лифт” платформаси ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинади, – дейди Ҳусниддин Шодиев. – Бу айни вақтда жараёнда. Бунда барча лифт ускуналари фойдаланишга қабул қилингандан сўнг платформага киритилади. Платформада лифтнинг эгаси ким, у умумий мол-мулк бўлганда қайси БСКга қарайди, сервис хизмат кўрсатиш бўйича қайси ташкилот билан шартнома тузилган, эксплуатация жараёнида бир марталик техник шаҳодатлаштиришдан қачон ўтган, тугашига қанча вақт қолди – ҳамма жараённи онлайн кўриб бориш имконияти яратилади.
Фуқаролар ҳам платформага кириб, мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Шуни ҳам айтиш жоиз, лифтларга хизмат кўрсатувчи ташкилот ходимлари ҳар сафар лифтга хизмат кўрсатганидан кейин бу ҳақдаги маълумотни расми билан платформага жойлаштиради. Бу маълумот БСКга юборилади. БСК ҳақиқатан ҳам сервис ходими келиб, техник хизмат кўрсатганини тасдиқлайди. Ушбу жараён тарих сифатида платформада сақланиб қолади. Натижада, худди электрон тиббий дафтарчадек, ўша лифтнинг маълумотлари тўлиқ бўлади.
Юртимизда 11 мингдан ортиқ лифтларнинг 6 мингтасини мажбурий диспетчерлик марказларига улаш ишлари олиб бориляпти. Бошқарув сервис компанияларининг ўзида диспетчерлик марказлари мавжуд бўлиб, уларга ҳамма лифтлар уланяпти. Янги лифтлар тўғридан-тўғри уланиб, кейин фойдаланишга қабул қилинмоқда. Эски лифтлар эса босқичма-босқич улаб келинмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/nGPCvmwHgZM?si=JcTz2lJt_O-sr7Ln" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Маълумот ўрнида, 2022-2024 йиллар мобайнида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасини рақамлаштириш бўйича кенг кўламда ишлар амалга оширилди. Бу ишлар натижасида соҳада шаффофлик, содиқлик ва самарадорлик юзага келди, аҳоли ва бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратилди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА