Хавфли нуқталар: Aмазон (+видео)
Тасаввур қилинг: 390 миллиард дарахт орасида адашиб қолиш – бир сониялик иш. Бу ерда дарё суви ҳам, оддий дарахт барги ҳам инсон ҳаётига нуқта қўйиши мумкин. Демак, бугун сиз билан бирга Жанубий Американинг “яшил ўпкаси” деб аталувчи сирли Aмазон оламига назар ташлаймиз.
Aмазон шунчаки ўрмон эмас, балки тўққиз давлатни қамраб олган улкан ва мураккаб экотизимдир. Ҳудуднинг 60 фоизи Бразилия ҳиссасига тўғри келса, қолган қисми Перу, Колумбия, Боливия каби мамлакатлар ўртасида тақсимланган. Биология хилма-хиллиги борасида бу ерга тенг келадиган макон йўқ: 16 минг турдаги дарахт ва ер юзидаги жами ўрмонларнинг қарийб ярми айнан шу жойда.
Қизиғи шундаки, “Aмазон” атамаси қадим юнон афсоналари билан боғлиқ. 1541 йил сайёҳ Франсиско де Орельяна шу заминга илк бор келганда маҳаллий қабила аёллари эркаклар билан бир сафда туриб, шафқатсиз жанг олиб борганига гувоҳ бўлган. Бундайин жасорат саёҳатчига афсонавий жангчи аёллар – Амазонкаларни эслатади ва у ҳудудни рамзий равишда шундай номлайди.
Нима учун бу ер хавфли?
Биринчидан, йиртқичларнинг мутлақ макони ҳисобланадиган бу жойда сувдаги ўлжасини сониялар ичида суякка айлантирадиган пираньялар, электр балиқлари, қуруқликда эса соя каби сезилмас ҳаракатланувчи маҳоратли овчи ягуарлар ҳукмронлик қилади.
Иккинчидан, Aмазонда “кўринмас душман” жуда кўп. Масалан, тана аъзоларини бир зумда фалаж қилишга қодир митти заҳарли қурбақалар, касаллик ташувчи чивинлар ёки ҳалокатли тропик безгак ҳар қадамда учрайди.
Учинчидан, доимий зулматга чўмган ўрмон ҳар қандай одамни ваҳимага солади. Дарахтлар шунчалик зички, қуёш нури ер юзасига деярли етиб бормайди. Ҳатто, кучли ёмғир ёққанда ҳам томчилар қалин соябон-дарахтлардан ўтиб, ерга етиб бориши учун қарийб 10 дақиқа вақт керак. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бу ерда ёғингарчилик жуда кўп кузатилади. Баъзи ҳудудларда намлик йилига 9 метрдан ошади.
Бу маҳобатли ўрмонда 350 дан ортиқ этник гуруҳга бўлинган 30 миллиондан зиёд инсон истиқомат қилади. Ҳайратланарлиси, 60 га яқин қабила ҳамон ташқи дунёдан бутунлай узилган ҳолда, ибтидоий шароитда яшаб келмоқда. Улар биз билган технологияларсиз ҳам табиат билан уйғун яшаш сирини мукаммал ўзлаштирган.
Aмазон дарёсиҳар сонияда океанга 200 000 куб/метр чучук сув қуяди. Бу дунёдаги жами дарёлар сувининг қарийб 20 фоизи. Шунингдек, ўсимлик ва ҳайвон турларининг 80 фоизи дунёнинг бошқа ҳеч бир нуқтасида учрамайди.
Афсуски, кейинги йилларда ўрмонларнинг шафқатсиз кесилиши Бразилия иқтисодиётига ишлаб чиқарилган маҳсулотдан кўра 7 баробар кўп зарар келтирмоқда. Ваҳоланки, Aмазон ер юзидаги кислороднинг 20 фоиздан ортиғини ишлаб чиқарадиган “Ернинг ўпкаси” ҳисобланади.
Хуллас, Aмазон – табиатнинг инсониятга инъом этган энг буюк неъмати, қолаверса, энг жиддий огоҳлантиришидир. Гарчи бу ҳудуд “яшил жаҳаннам” деб аталса-да, аслида сайёрамизни тоза ҳаво билан таъминлаётган асосий манбадир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/5I4IJOEuEgI" title="Xavfli nuqtalar: Amazon" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Фардона Яхшибоева, Салим Обиджонов (видеомуҳандис), ЎзА