Ҳарбийлар фарзандлари имтиёзли тавсияномага эга бўлди
Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида Мудофаа вазирлигининг Термиз, Какайди, Хайрабод гарнизонларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилари фарзандларига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсияномалар тантанали топширилди.
Президентимизнинг 2018 йил 14 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан Қуролли Кучлар тизимида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар фарзандлари учун олий таълим муассасалари бакалавриатига қабулда 5 фоизли алоҳида квота ажратилган. Шунингдек, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларига танловсиз қабул қилиш бўйича тавсияномалар бериш тартиби жорий этилган.

Шунга мувофиқ тантанали тадбирда 52 нафар йигит-қиз беш фоизли квота асосида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсияномага эга бўлди. Уларни топшириш маросимида кейинги йилларда мамлакатимизда ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, уларга кўрсатилаётган чексиз эътибор ҳақида атрофлича сўз юритилди. Ёшларнинг келгусидаги ўқиш ва ҳаёт йўлига омад тиланди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА