Ҳарбий хизматдан қайтган ёшларнинг бандлиги таъминланмоқда
“Ёшлар куни” муносабати билан Тошкент шаҳар Мудофаа ишлари бошқармаси ҳамда пойтахт ҳокимлиги билан ҳамкорликда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ёшлар иштирокида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ҳамда бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.
Тадбирда ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитларнинг муаммо, таклиф ва ташаббуслари атрофлича ўрганилди. Хусусан, уларнинг иш билан таъминланиши, касб-ҳунар эгаллаши, ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувдан сўнг бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Ярмарка давомида ҳарбий хизматни ўтаган ёшларнинг салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилиб, уларга муносиб меҳнат фаолиятини бошлашлари учун аниқ таклифлар билдирилди. Иш берувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконияти яратилиб, ёшлар ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича меҳнат шартномаларини имзолашди.

Шунингдек, ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши, ўз бизнесини йўлга қўйиши юзасидан ҳам амалий маслаҳатлар берилди.
Қайд этилганидек, мазкур тадбир ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш борасидаги ишлар изчил давом этаётганининг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Гулноза Бобоева, ЎзА