Ҳарбий хизматчиларнинг фидокорона хизматлари эътироф этилди
Мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ватан тинчлиги ва халқ осойишталигини таъминлаш йўлида фидокорона хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар муносиб эътироф этилди.
Шу муносабат билан Миллий гвардиянинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармасида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев, Миллий гвардиянинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси раҳбарияти, Миллий гвардия Ихтисослаштирилган ўқув маркази масъуллари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши вакиллари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Тантанали маросимда сўзга чиққан Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев йиғилганларни мамлакатимиз давлат мустақиллигининг қутлуғ 35 йиллиги билан самимий муборакбод этди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасида ҳарбий хизматчилар зиммасига юксак масъулият юкланган. Уларнинг кечаю кундуз сергаклик билан олиб бораётган шарафли ва масъулиятли хизмати мамлакатимиз тинчлиги ҳамда халқимиз фаровонлигининг мустаҳкам кафолатларидан бири экани алоҳида қайд этилди.


Шунингдек, мамлакатимизда ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, муносиб хизмат ва турмуш шароитларини яратиш, оила аъзоларига ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда жамиятдаги обрў-эътиборини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Маросимнинг энг қувончли ва ҳаяжонли лаҳзаларида “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” кўкрак нишонлари билан муносиб тақдирланган ҳарбий хизматчиларга бу мукофотлар тантанали равишда топширилди. Шунингдек, соҳадаги намунали ва фидокорона хизматлари учун 3 нафар ходимга 3-даражали кўкрак нишони берилди.


Мукофот соҳибларига кўрсатилган бундай юксак эътибор уларнинг Ватан олдидаги садоқатли, фидокорона ва намунали хизматларига берилган муносиб баҳо бўлди. Шу билан бирга, мазкур эътироф ҳарбий хизматчилар учун келгусидаги фаолиятларида янада катта куч-ғайрат ва масъулият билан хизмат қилишга муҳим рағбат бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Ўз навбатида, давлат мукофоти соҳиблари ўзларига билдирилган юксак ишонч ва эътибор учун миннатдорлик билдириб, бундан буён ҳам Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги ва юртимиз хавфсизлигини таъминлаш йўлида бор билим, тажриба ва салоҳиятларини сафарбар этишларини таъкидладилар.


Тадбир давомида ҳарбий хизматчиларнинг Ватан ҳимояси йўлидаги шарафли меҳнати, юксак ватанпарварлиги ва касбига бўлган садоқати яна бир бор эътироф этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири