Ҳарбий хизмат йигитларнинг иродасини тоблайди
Бугунги кунда Миллий гвардия тизимида ҳарбий хизматчиларнинг оиласи билан алоқаларини мустаҳкамлаш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Миллий гвардия Муҳим давлат объектларини қўриқлаш бошқармасида ёш ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари иштирокида оила ва фарзанд тарбиясига бағишланган учрашув ташкил этилди.

Тадбирда республикамизнинг турли вилоятларидан ташриф буюрган ота-оналар иштирок этди. Учрашув давомида ҳарбий хизматни ўтаётган ёшларнинг интизоми, ватанпарварлик руҳида камол топишида ота-оналарнинг қўллаб-қувватлаши муҳим омил экани алоҳида қайд этилди. Учрашувнинг асосий қисмида фарзандларини муносиб тарбиялаб, уларни ватанга садоқат руҳида вояга етказаётган ота-оналарга миннатдорлик билдирилди. Уларнинг меҳнати ва эътибори юксак баҳоланиб, ташаккурномалар топширилди.

– Бу ердаги ҳар бир ёш ҳарбий хизматчининг ортида дуогўй оналари, оиласи турибди. Ҳарбий хизматнинг ўз қийинчиликлари бор, лекин мана шу заҳматлар фарзандларимизни ҳақиқий инсон, мустаҳкам иродали шахс қилиб шакллантиради, – деди Набия Собирова.

Мазкур учрашув оила ва ҳарбий тузилма ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этувчи самарали мулоқот майдонига айланди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА