Ҳарбий қисмда байрам шодиёнаси
Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Булоқбоши туманидаги ҳарбий қисмда “Мен Ватанни асрагайман!” деб номланган маънавий-маърифий байрам тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ўтказилган байрам тадбирида ҳарбий қисм зобит ва аскарлари, ҳарбий фахрийлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар барчани мустақиллик байрами билан муборакбод этиб, мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни асраш, Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, мустақилликнинг қўлга киритилиши, ўтган ўттиз беш йил давомида эришилган ютуқлар, хусусан, Қуролли Кучларимиз салоҳиятининг юксалиб бораётганлиги ҳақида гапирди.


Байрам тадбирида ҳарбий қисм хизматчиларнинг намунали фаолияти эътироф этилди. Хизмат жараёнида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвонлар, фахрий ёрлиқ, эсдалик нишонлари ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
– Ушбу байрам тадбири унутилмас таассуротлар қолдирди, – дейди катта лейтенант Бобуржон Олтибоев. – Энг аввало, юртимиз мустақиллиги буюк неъмат эканлигини чуқурроқ англадик, қолаверса, тадбир қалбларимизда бурчга садоқат, Ватанга муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлади.


Тадбирнинг бадиий қисмида санъаткорлар, маданият ходимлари ижросидаги Ватан, истиқлол ва тинчликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар, намойиш этилган рақслар, саҳна чиқишлари иштирокчиларга юқори кўтаринкилик, байрамона кайфият улашди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири