Ҳарбий ҳаёт — журналист ва блогерлар нигоҳида
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи тасарруфидаги қўмондонлик ва ҳарбий қисмларда Сурхондарё вилоятида фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирокида пресс-тур ташкил этилди.
Унда журналист ва блогерлар миллий армиямизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар учун яратилаётган замонавий шарт-шароитлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари ва фарзандларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар билан яқиндан танишдилар.
[gallery-31658]
Дастлаб Термиз шаҳридаги қўмондонликда масъул офицерлар томонидан мудофаа соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчиларнинг хизмат фаолияти, улар учун муносиб шароитлар яратиш ҳамда оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди. Учрашувда ОАВ вакиллари ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари Какайди гарнизонига ташриф буюрди. Бу ерда меҳмонлар ҳарбий хизматчиларнинг кундалик ҳаёти, яшаш ва хизмат шароитлари, замонавий ҳарбий техника ва қурол-яроғ намуналари, ўқув хоналари ҳамда тренажёрлар фаолияти билан танишдилар.
Гарнизондаги кутубхона фаолияти, ҳарбий хизматчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва маънавий-маърифий савиясини оширишга қаратилган ишлар ҳам иштирокчилар эътиборида бўлди.
Пресс-тур доирасида ҳарбий психолог хонасида махсус тренинг ҳам ўтказилди. Унда психологик барқарорликни таъминлаш, стресс ҳолатларининг олдини олиш ва жамоада соғлом муҳитни шакллантиришга қаратилган амалий машғулотлар намойиш этилди.
Ташриф давомида меҳмонлар «Ватан руҳи» радиоэшиттиришининг фаолияти билан танишдилар. Радиодастурларни тайёрлаш ва эфирга узатиш жараёни, унинг ҳарбий хизматчиларга ахборот-маърифий хизмат кўрсатишдаги ўрни ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, журналист ва блогерлар гарнизондаги Адиблар хиёбонида бўлиб, бу ерда яратилган маънавий-маърифий муҳит билан танишдилар.
Пресс-турдан кўзланган асосий мақсад — жамоатчилик вакилларини мудофаа соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар учун яратилаётган шароитлар билан яқиндан таништириш, соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда ОАВ ва блогерлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА