Ҳар қарич ер даромад манбаи
Қарор ва ижро
Мамлакатимизда аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланишини таъминлаш, улар орқали оилалар даромадини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Айниқса, томорқа ер эгаларига имтиёзли кредитлар ажратиш, уруғ ва кўчатлар билан таъминлаш, агротехник маслаҳатлар бериш, шунингдек, етиштирилган маҳсулотларни сотишда бозор инфратузилмасини ривожлантириш каби чора-тадбирларнинг қамрови ортди.

Бу эса аҳолининг бандлигини таъминлаш, қўшимча даромад манбаларини яратиш ва ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан тўлдиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу кунларда Тошкент вилоятидаги 449,7 мингта хонадон томорқаларида баҳорги мавсумнинг ўзида 32 минг 371 гектар ер майдонида “бир маҳалла–бир маҳсулот” тамойили асосида сердаромад қишлоқ хўжалиги экинлари экиш ишлари олиб борилмоқда. Бу борада ҳудудларнинг иқлимидан келиб чиқиб, 31 минг гектар сабзавот, 427 гектар полиз экинлари, 3 минг гектар картошка, 2 минг гектар дуккакли, 20 гектар озуқа, 114 гектар мойли, 425 гектар резавор ва 202 гектар бошқа экинлар экилиши белгилаб олинган.

Жорий йил март ойи бошидан буён 78 фоиз томорқа ер майдонларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилди. Бу жараёнлар маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари томонидан “оonlayn mahalla” электрон платформасига киритиб бориляпти. Мисол учун, Чиноз тумани Бирлик маҳалласи, Бекобод туманининг Фарҳод, Бешюз, Боғишамол, Маллабой, Мустақиллик ва Назарбой маҳаллаларидаги 80 фоиз томорқаларда иссиқхоналар қурилиб, 90 фоизига баҳорги мавсумда сабзавот экинлари экилди.

– Ушбу ишларни янада такомиллаштириш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 майдаги “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ грант ва субсидия маблағлари ажратилади. Шунингдек, ўтган даврда “Бир маҳалла –бир маҳсулот” тамойили асосида 73 та ихтисослашган маҳалла мисолида сердаромад, экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ихтисослаштиришни йўлга қўйиш бўйича режалар тузиб олинди. Мисол учун, Ўрта Чирчиқ тумани Роватак маҳалласи лимончиликка, Ангрен шаҳар Хаккарман ва Янги Жигаристон маҳаллалари қулупнайчиликка, Чиноз тумани Бирлик маҳалласи эса кўчатчиликка ихтисослашган. Шу жумладан, 653 та маҳаллани “Agro star” МЧЖга бириктириш орқали уларнинг ихтисослашувини кенгайтириш бўйича вазифалар белгиланди, – дейди Тошкент вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи Зиёдбек Йўлдашов.

Ўз навбатида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, баҳорги сердаромад экинлар экиш юзасидан Тошкент вилояти миқёсида ўқув-семинарлар ташкил этилди. Жумладан, Янгийўл туманида ўтказилган тадбирда Янгийўл шаҳри, Зангиота, Пискент, Чиноз ва Қуйи Чирчиқ туманларидан келган масъуллар иштирок этди. Семинар давомида улар Бунёдкор маҳалласи ҳудудидаги 4 гектар майдонда барпо этилаётган замонавий иссиқхона комплекси билан танишди.
Шунингдек, ҳудуддаги бир қатор аҳоли хонадонларида ташкил этилган иссиқхоналар ҳам кўздан кечирилди. Жумладан, 5 сотихли томорқасидан самарали фойдаланаётган Назар Алиевнинг даромадли фаолияти иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Бундан ташқари, “Yangiyoʻl – Agro Star” МЧЖ томонидан фуқаролар томорқаларида барпо этилган иссиқхоналар, хусусан, Баҳодир Саидакромовнинг 5 сотих ва Саидакмал Алиевнинг 4 сотих ер майдонида ташкил этилган иссиқхоналар аҳоли даромадини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ҳамда йил давомида маҳсулот етиштиришда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Шу билан бирга, Халқобод маҳалласида ташкил этилган “Томорқа мактаби” фаолияти ҳам алоҳида эътироф этилди. Ушбу мактаб аҳолига томорқадан унумли фойдаланиш, экинларни тўғри танлаш ва парваришлаш бўйича амалий кўникмалар беришда муҳим ўрин тутади.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти тажрибаси асосида аҳоли томорқаларида экинларни экишни ташкил этишда хар бир ҳудудга махсус автомобиллар бириктирилди. Улар томонидан сифатли сабзавотлар уруғи, сертификатланган мевали дарахтларнинг кўчатлари, минерал ўғитлар, зарур иш анжомлари етказилиб, экин экиш ишлари ташкил этилмоқда.
Паркент туманида ўтказилган мулоқотларда эса Ангрен шаҳри, Оҳангарон, Бўстонлиқ, Чирчиқ, Қибрай ва Юқори Чирчиқ туманларидан келган томорқачилар қатнашди. Унда асосий эътибор тоғли ҳудудларда резавор мевалар етиштиришга ихтисослашиш масаласига қаратилди. Мутахассислар томонидан ушбу йўналишнинг иқтисодий самарадорлиги, иқлим шароитига мослиги ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашдаги аҳамияти атрофлича тушунтирилди. “Томорқа мактаби” фаолияти, бир қатор маҳаллаларда ташкил этилган кўчма савдо ярмаркалари, шунингдек, намунали томорқачи хонадонлар тажрибаси билан танишиш орқали илғор усулларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

– Ҳозир резаворчилик йўналишида хориждан келтирилган қулупнай, голубика, малина, қорағат каби кўплаб резавор навларимиз бор, – дейди “Toshkent – Agro Star” МЧЖ раҳбари Ботир Алимбеков. – Бу ўсимликлар кеч кузгача ҳосил беради. Жумладан, мавсумда малина ва қулупнай кўчатининг бир тупидан ўртача 1 килограммгача, голубикадан эса ёшига қараб 8-9 килограммгача ҳосил олиш мумкин. Томорқасида шу йўналиш бўйича иш ташкил қилмоқчи бўлган фуқароларга биз пул олмасдан бориб, ўша ерини тайёрлаб берамиз. Белгиланган режа асосида резавор экинларни экамиз. Ҳосилга кирганда унинг даромадидан 1-1,5 йилда экилган кўчатларга пул тўлаш мумкин. Бунинг учун тажрибали мутахассисларни жалб қилганмиз.
Кичикқўрғон маҳалласида истиқомат қилувчи Мансуровлар хонадони кўп йиллардан буён кўчат етиштириш билан шуғулланади. Шу туфайли барқарор оилавий даромад манбаини шакллантирган. Хонадон эгасининг таъкидлашича, улар 20 хил турдан ортиқ мевали дарахт кўчатларини 25 мингдан 130 минг сўмгача бўлган нархларда ички бозорга чиқариб, бир мавсумда 100 миллион сўмдан ортиқ даромад олмоқда.
Умуман олганда, томорқа ерларидан унумли фойдаланиш аҳоли фаровонлигини оширишда муҳимдир. Бежизга халқимизда "Ер хазина, тупроқ олтин" ибораси айтилмаган. Сабаби ердан оқилона фойдаланган ҳолда ҳар бир хонадон ўз даромадини ошириши ва барқарор ҳаётга эришиши мумкин. Натижада эса нафақат оилалар, балки бутун мамлакат иқтисодиёти равнақ топиб, ички бозор ривожланади.
А.Мусаев,ЎзА