Ҳақиқий устознинг энг катта мукофоти – шогирдларининг муваффақияти
Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасини тубдан такомиллаштириш, ёшларнинг замонавий билим ва кўникмаларини шакллантириш ҳамда уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, халқаро олимпиадаларга тайёрлаш ва улар учун муносиб таълим муҳитини яратиш борасида самарали тизим шаклланди.
Бу ислоҳотларнинг амалий натижаси бугун халқаро фан олимпиадаларида қўлга киритилаётган юксак ютуқларда яққол намоён бўлмоқда. Албатта, бу муваффақиятлар замирида ўз касбига садоқатли, билим ва тажрибага эга устозларнинг фидокорона меҳнати мужассам.
Ана шундай устозлардан бири “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони соҳиби, Навоий шаҳридаги 11-айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби олий тоифали кимё фани ўқитувчиси Сардор Самадовдир. У ёш бўлишига қарамасдан, юртимизда баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларга сифатли таълим-тарбия бериш, ўқитишнинг замонавий усулларини жорий этишда ўрнак бўлиб келаётган жонкуяр педагоглардан бири.
С.Самадов ўқувчилар билими самарадорлигини оширишда янги педагогик технологиялар ва электрон дарсликлардан фойдаланиш йўналишида амалий синов тажрибасини олиб бормоқда.

Унинг самарали меҳнати натижасида халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган иқтидорли ёшлар камол топмоқда.
Жумладан, 2022 йилда Шерзод Шайматов, 2024 йилда Саида Абдуллаева, 2026 йилда эса Жасурбек Мустафоев Халқаро кимё олимпиадасида кумуш медални қўлга киритиб, мазкур ютуқлар тасодифий эмас, балки тизимли тайёргарлик ва узлуксиз меҳнат маҳсули эканини яна бир бор исботлади.
Сардор Самадов фақат Халқаро кимё олимпиадаси совриндорларини эмас, балки Халқаро Менделеев ҳамда Халқаро Абу Райҳон Беруний олимпиадалари ғолиб ва совриндорларини ҳам тайёрлаб келмоқда.
Ҳақиқий устознинг энг катта мукофоти – шогирдининг муваффақияти. Шогирднинг халқаро майдонда қўлга киритган ҳар бир ютуғи эса Янги Ўзбекистоннинг илм-фанга таянган тараққиёт йўли тўғри танланганининг яна бир ёрқин исботидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири