Ҳамкорликнинг янги қирралари
Бугунги кунда Ўзбекистон олий таълим муассасалари дунёнинг турли мамлакатларидаги етакчи университетлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Ушбу ҳамкорлик, аввало, қўшма таълим дастурларини жорий этиш орқали намоён бўлмоқда. Бундай дастурлар талабалар учун икки томонлама диплом олиш имкониятини яратиб, уларнинг халқаро меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини оширмоқда. Шу билан бирга, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви тизими ҳам кенгайиб, билим ва тажриба алмашинуви учун қулай шароит яратилмоқда.
Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган Ренессанс таълим университети билан Ал-Форобий номидаги Қозоқ миллий университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланганини алоҳида эътироф этиш лозим. Бу воқеа оддий расмий келишув эмас, балки ўзбек ва қозоқ халқларининг асрлар давомида шаклланган қардошлик анъаналари, муштарак тарихий хотираси ва умумий маънавий илдизлари замонавий таълим майдонида янги шаклда давом этаётганининг ёрқин ифодасидир. Бугун университетлар ўртасидаги алоқалар давлатлараро дўстликнинг амалий кўринишига айланмоқда.
Шу маънода Ренессанс таълим университети ва Ал-Форобий номидаги Қозоқ миллий университети ҳамкорлиги нафақат икки олийгоҳ, балки икки қардош халқ ўртасидаги маърифий ва маданий яқинликнинг навбатдаги муҳим қадами сифатида баҳоланиши мумкин.
Бугунги таълимий ҳамкорлик аслида янгидан яратилаётган ришта эмас - у қадим илдизларга таянган ҳолда замонавий шакл касб этаётган табиий жараён. Илм-фан, академик алмашинув ва қўшма тадқиқотлар ана шу тарихий яқинликка замон талаби нуқтаи назаридан янги мазмун бағишлайди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олиб бораётган очиқ, прагматик ва узоқни кўзлаган ташқи сиёсат туфайли қардош давлатлар билан ҳамкорлик учун янги эшиклар очилди. Айниқса, Марказий Осиёдаги яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик муҳити олий таълим муассасалари учун ҳам мустаҳкам платформа яратди. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги олий даражадаги мулоқотлар натижасида сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалар янги босқичга кўтарилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил ноябрь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон Олий давлатлараро кенгашининг иккинчи йиғилишида айтган: “Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар энг юксак поғонага — стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига етди”, деган фикри бугунги жараёнларнинг мазмунини аниқ ифодалайди. Мазкур ёндашув университетлараро ҳамкорликка ҳам кучли туртки бўлиб, илмий ва академик алоқаларни кенгайтириш учун қулай дипломатик майдон яратди. Демак, Ренессанс таълим университети ва Ал-Форобий номидаги Қозоқ миллий университети ўртасидаги меморандум давлат раҳбарлари шакллантирган катта ишонч муҳити ва қардошлик сиёсатининг бевосита амалий натижасидир.
Имзоланган меморандумнинг мазмуни ўзаро ҳамкорликнинг қанчалик амалий ва истиқболли эканини кўрсатади. Учрашув давомида таълим жараёнини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, академик алмашинув дастурларини ташкил этиш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Бу йўналишларнинг ҳар бири бугунги олий таълим тараққиётида ҳал қилувчи ўрин тутади. Чунки замонавий университет энди фақат аудитория ичидаги дарс билан чекланмайди; у глобал фикрлашни, илмий мобилитетни, қўшма лойиҳалар ва халқаро илмий макон билан интеграцияни талаб қилади. Шу нуқтаи назардан, мазкур меморандум Ренессанс таълим университети учун янги илмий уфқларни очади, талабалар учун эса халқаро тажриба, янги академик муҳит ва кенгроқ дунёқараш сари йўл очади. Айниқса, филология, тилшунослик, туркийшунослик, тарих, маданиятшунослик ва минтақавий тадқиқотлар йўналишларида бу ҳамкорлик сермаҳсул натижалар бериши табиий. Ренессанс университетининг халқаро ҳамкорликни изчил кенгайтиришга қаратилган сиёсати ҳам айнан шундай келишувлар орқали ўзининг амалий ифодасини топмоқда.
Бу ҳамкорликнинг энг муҳим жиҳатларидан яна бири шундаки, у туркий дунё университетлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бугунги глобаллашув даврида ўз тарихини, тилини, маданий хотирасини ва умумий маънавий илдизларини чуқур англаган халқларгина рақобатбардош тараққиёт моделини ярата олади. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги университетлараро шериклик туркий дунёнинг илмий-интеллектуал интеграциясига амалий ҳисса қўшади.
Бу эса эртанги кунда қўшма конференциялар, илмий нашрлар, маданий форумлар, талабалар алмашинуви ва ҳатто қўшма таълим дастурлари кўринишида ўз самарасини бериши мумкин. Академик ҳамкорликнинг кучайиши икки халқ ўртасидаги руҳий яқинликни янада мустаҳкамлайди, ёш авлодга эса “қардош давлат” тушунчасини нафақат сиёсий атама, балки кундалик илмий ва инсоний тажриба сифатида ҳис этиш имконини беради.
Хулоса қилиб айтганда, Ренессанс таълим университети ва Ал-Форобий номидаги Қозоқ миллий университети ўртасида имзоланган меморандум замонавий олий таълим тарихидаги муҳим воқеалардан биридир. Бу келишув замирида фақат таълимий манфаат эмас, балки ўзбек ва қозоқ халқларининг асрий қардошлиги, умумий туркий илдизлари, муштарак маданияти ва келажак сари бирга интилиш руҳи мужассам.
Давлатлар раҳбарлари яратиб берган очиқ ва ишончли ҳамкорлик муҳити энди олий таълим масканлари орқали мазмунан бойиб, амалий натижаларга айланмоқда. Ренессанс таълим университетининг халқаро майдондаги навбатдаги муҳим қадами бўлган ушбу меморандум икки университет учун ҳам, икки қардош халқнинг маърифий келажаги учун ҳам катта истиқбол эшикларини очади. Энг муҳими, бу ҳамкорлик ёшларга хизмат қилади. Зеро, бугунги талаба ва тадқиқотчи эртанги куннинг илмий кўпригини қуради. Ана шу кўприк эса қардошлик, ишонч, билим ва маънавият пойдевори устига қад кўтаради.
Л.Раупова,
Ренессанс таълим университети профессори,
филология фанлари доктори,
Туркий тиллар маркази раҳбари.
Ш.Султанова,
Ренессанс таълим университети
профессори, филология фанлари доктори.
ЎзА