Ҳамкорлик меморандумлари имзоланди
Кеча Самарқандда ўз ишини бошлаган Глобал экологик фонд (GEF)нинг VIII Ассамблеяси ҳамда “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмаси тадбирлари доирасида Фонд кенгашининг 71-йиғилиши ўтказилди.
Унда GEFга аъзо 186 мамлакат вакиллари, халқаро ташкилотлар, молиявий институтлар, экологик агентликлар, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор вакиллари иштирок этди.
Шунингдек, кеча “Silk Road Samarkand” мажмуасида Ўзбекистон Республикаси ва Глобал экологик фонднинг (GEF) VIII Ассамблеяси байроқларини тантанали кўтариш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳамда Глобал экологик фонд бош директори ҳамда стратегия ва операциялар бўйича директори Клод Гаскон иштирок этди.
Расмий қисмдан сўнг GEF Котибияти ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжат Экология миллий қўмитаси ходимлари учун GEF Котибиятида амалиёт ўташ ва касбий тажриба алмашиш имкониятларини яратишни назарда тутади.
Меморандум доирасида томонлар иқлим ўзгариши, биохилма-хилликни сақлаш, ерларнинг деградациясига қарши кураш, кимёвий моддалар ва чиқиндиларни бошқариш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, халқаро ва миллий экологик тузилмалар ўртасидаги институционал алоқаларни мустаҳкамлашга келишиб олди.

Ассамблея доирасида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмонлар ва яшил ҳудудларни кўпайтириш ҳамда чўлланишга қарши курашиш агентлиги директори Эркин Муҳиддинов ҳамда Япониянинг Саноат, маънавий ва маданий тараққиёт ташкилоти (OISCA) ижрочи вице-президенти Нагаиси Ясуаки ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ўзаро англашув меморандумини имзолади.
Ҳужжатга мувофиқ, мамлакатимизда янги ўрмонлар барпо этиш ва муҳофаза қилиш, шунингдек, ўрмонлардан барқарор фойдаланишни таъминлаш бўйича қўшма чора-тадбирлар изчил амалга оширилади. Шунингдек, япониялик мутахассислар билан ҳамкорликда Республиканинг қурғоқчил ва деградацияга учраган ҳудудларида чўлланишнинг олдини олиш ҳамда атмосфера ҳавосининг тозалигини таъминлаш мақсадида “яшил қопламалар” барпо этилади. Томонлар, шунингдек, кўчат етиштиришни ривожлантириш ва ноёб дарахт турларининг уруғларини маҳаллий иқлим шароитларига мослаштириш масалаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
Шу билан бирга, ўрмон хўжалиги соҳасида илмий тажриба алмашинуви йўлга қўйилади. Семинарлар, тренинглар, ўқув курслари ва форумларни биргаликда ташкил этиш режалаштирилган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири