Халқчил қонунлар: фуқароларга тушунарли ва амалда қулай ҳуқуқий тартиб
Мустақилликнинг 35 йили миллий парламентаризмни қарор топтириш, қонун ижодкорлигини инсон манфаатларига яқинлаштириш ва ҳуқуқий тартиб-таомилларни соддалаштириш даври бўлди
Фуқаро қонун билан деярли ҳар куни юзма-юз келади. Фарзандни таълим муассасасига жойлаштириш, ишга кириш, мулкни расмийлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, ижтимоий ёрдам олиш ёки бузилган ҳуқуқни ҳимоя этиш муайян ҳуқуқий тартиб асосида амалга оширилади.
Шу маънода қонуннинг халқчиллиги оддий инсон ҳаётида қандай ишлаши билан ўлчанади. Фуқаро ўз ҳуқуқини қийналмай тушунса, ундан ортиқча ҳужжат талаб қилинмаса, мурожаати аниқ муддатда кўриб чиқилса ва қабул қилинган қарор устидан шикоят қилиш тартиби равшан бўлса, ана шунда ҳуқуқий норма ҳақиқатан ҳам халққа хизмат қилади.
Мустақиллик халқимизга ўз давлатини, тараққиёт йўлини ва миллий ҳуқуқий тизимини мустақил белгилаш имконини берди. Конституциямизда халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи экани мустаҳкамланган. Демак, парламентда қабул қилинаётган ҳар бир қонун, энг аввало, халқнинг эҳтиёжи, манфаати ва ҳаётий талабларини ифода этиши керак.
Халқчилликнинг уч мезони
Халқчил қонун учта муҳим хусусиятга эга бўлиши лозим.
Биринчидан, у мазмунан адолатли бўлиши керак — жамиятдаги ҳақиқий муаммога ечим бериши, инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиши, фуқаролар, давлат ва жамият манфаатлари ўртасида оқилона мувозанатни таъминлаши зарур.
Иккинчидан, қонун шаклан тушунарли бўлиши лозим. Ҳуқуқий норма мураккаб жумлалар, бир-бирига уланган кўплаб ҳаволалар ва турлича талқин қилиниши мумкин бўлган иборалардан иборат бўлса, унинг мазмуни оддий фуқаро учун мавҳум бўлиб қолади.
Учинчидан, қонун амалда қулай ишлаши шарт. Унда белгиланган ҳуқуқдан фойдаланиш учун фуқаро бир неча идора ўртасида сарсон бўлмаслиги, давлатнинг ўзида мавжуд маълумотларни қайта-қайта қоғоз шаклида тақдим этмаслиги керак.
Оддий қилиб айтганда, ҳар бир қонун фуқаронинг олтита асосий саволига аниқ жавоб бериши лозим: бу норма кимга тааллуқли, у қандай ҳуқуқ беради, қаерга мурожаат қилиш керак, қайси ҳужжатлар талаб этилади, масала қанча муддатда ҳал қилинади ва қарордан норози бўлинса, қаерга шикоят қилиш мумкин? Қонунни тушуниш ва ўз ҳуқуқидан фойдаланиш учун фуқаро ҳуқуқшунос бўлиши шарт эмас.
Инсон манфаати — конституциявий мезон
Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг бевосита амал қилиши белгиланди. Шунингдек, инсон билан давлат органлари ўртасидаги муносабатларда юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддият ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши мустаҳкамланди. Бу қоида халқчил қонунчиликнинг энг муҳим конституциявий пойдеворларидан биридир.
Мазкур принцип қонун ижодкорлари зиммасига катта масъулият юклайди: давлат органи қонунчиликдаги ноаниқликни фуқарога қўшимча мажбурият юклаш учун асос сифатида ишлата олмаслиги керак. Шу боис тўғридан-тўғри амал қилувчи, ҳуқуқдан фойдаланиш механизми ўзида мужассам этилган қонунлар улушини ошириш бугунги куннинг устувор вазифасига айланди. Бу ёндашув амалда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Қонунчилик палатасининг 2026 йил биринчи чорагидаги фаолиятида тўғридан-тўғри ишлайдиган ва аниқ ижро механизмларига эга халқчил қонунлар улушини ошириш алоҳида устувор йўналиш сифатида белгиланди.
Халқчил қонун амалда қандай кўринади?
Мавҳум тамойиллар ҳаётий мисолларда яққол намоён бўлади. Жорий йилнинг ўзида қабул қилинган бир қатор қонунлар айнан фуқаронинг кундалик ташвишидан келиб чиқиб ишлаб чиқилгани билан эътиборли.
Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришлар билан йўл ҳаракати хавфсизлигига оид кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликлар учун жарима ўрнига “маъмурий огоҳлантириш” чораси жорий этилди. Бундан ташқари, фото ва видео қайд этиш воситалари орқали аниқланган ҳуқуқбузарлик бўйича қарор бир ойдан кеч чиқарилса, жазо қўлланилмайди. Бу билан давлат органи томонидан қарорнинг кечиктириб чиқарилиши оқибати фуқаро зиммасига юкланмаслиги таъминланди. Бу ноаниқликни инсон фойдасига ҳал қилиш тамойилининг амалдаги ёрқин ифодасидир.
Яна бир мисол. Автомобиль сотувчиси одометр кўрсаткичи ўзгартирилгани ҳақида харидорни олдиндан хабардор этмаса, энди маъмурий жавобгарликка тортилади. Оддий харидорнинг манфаатини ҳимоя қилувчи бу норма ҳам айнан ҳаётий муаммодан туғилган.
Халқчил қонунчиликнинг яна бир аниқ ифодаси пенсия ёшига етган фуқароларга, уларнинг алоҳида мурожаатисиз проактив тарзда ёшга доир пенсия тайинланиши ҳамда суд муҳокамаларида мобил видеоконференцалоқа орқали масофадан иштирок этиш имконияти яратилганидир. Биринчи ҳолат фуқарони ариза ва ҳужжатлар билан идорама-идора юришдан халос этса, иккинчиси одил судловдан фойдаланиш учун сарфланадиган вақт ва харажатни камайтиради.
Муҳими, бундай ташаббусларнинг манбаи кўп ҳолларда халқнинг ўзи бўлмоқда. 2026 йилнинг биринчи чорагида фуқаролардан қонунчиликни такомиллаштиришга доир 85 та таклиф келиб тушиб, масъул қўмиталар томонидан ўрганилди. Овчилик хўжалиги ёки маҳаллий Кенгашлар ваколатларига оид таклиф билдирган фуқаролар парламентга таклиф этилиб, уларнинг фикри бевосита муҳокама қилингани эса “халқ — қонунларнинг том маънода ягона манбаи ва муаллифи” тамойилининг жонли исботидир.
Фуқаро — қонун ижодкорлигининг фаол иштирокчиси
Халқчил қонунни халқнинг иштирокисиз яратиб бўлмайди. Янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ, сайлов ҳуқуқига эга бўлган юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаро қонунчилик таклифларини Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли. Бу халқнинг қонун ижодкорлигидаги иштирокини янги босқичга олиб чиқувчи муҳим демократик механизмдир.
Қонунчиликка мувофиқ, энг муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан олдин уни тайёрлаш ҳақидаги ахборот норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилиши, келиб тушган фикр ва таклифлар инобатга олинган ҳолда лойиҳа ишлаб чиқилиши лозим. Жорий йилнинг биринчи чорагида депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти давомида Қонунчилик палатаси кўриб чиқаётган 18 та қонун лойиҳаси сиёсий партиялар билан биргаликда жойларда муҳокамадан ўтказилди. Билдирилган фикр ва таклифлардан лойиҳаларни маромига етказишда фойдаланилди.
Айни пайтда бу борада ҳали ечимини кутаётган масалалар ҳам бор. Таҳлилларга кўра, шу даврда қуйи палатага киритилган 29 та қонун лойиҳасидан 10 таси, яъни учдан бир қисми, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмаган ҳолда киритилган. Бу рақам жамоатчилик муҳокамаси ҳали барча ташаббускорлар учун одатий амалиётга айланмаганини кўрсатади. Муҳокама ҳақиқий мулоқотга айланиши учун билдирилган таклифлар тизимлаштирилиши, қайси фикрлар қабул қилингани ёки нима сабабдан инобатга олинмагани очиқ тушунтирилиши лозим.
Депутатларнинг сайловчилар билан бевосита мулоқоти ҳам қонун ижодкорлигининг муҳим озуқа манбаидир. Биринчи чоракда халқ ноиблари сайлов округларида 5 160 та учрашув ўтказиб, 112 минг нафардан зиёд фуқаро билан мулоқот қилди. Ушбу учрашувларда сайловчилар томонидан 2 624 та масала кўтарилиб, уларнинг бир қисми жойида ҳал этилди, тизимли масалалар эса парламент даражасига олиб чиқилди. Депутатлар ташаббусли бюджет доирасидаги янги ваколатидан илк бор фойдаланиб, аҳоли ҳаётига бевосита таъсир қиладиган, умумий қиймати 238,9 миллиард сўмлик 150 та лойиҳани қўшимча ғолиб деб эълон қилгани эса халқ вакили ва сайловчи ўртасидаги ишончни амалий ҳамкорликка айлантирган янги механизм бўлди.
Қарордан олдин — таъсирни баҳолаш, қабулдан кейин — ижро назорати
Қонун қабул қилишдан аввал «бу норма қандай натижа беради?» деган саволга асосланган жавоб бўлиши шарт. Янги тартиб фуқаролар ва тадбиркорларга қандай қўшимча харажат юклаши, уни бажариш учун давлат органларида етарли ресурс бор-йўқлиги, тартиб ҳудудларда бир хил ишлай олиши олдиндан таҳлил қилиниши керак. Айнан шу мақсадда 2025 йил 4 мартда Олий Мажлис палаталари кенгашларининг қўшма қарори билан 2025–2029 йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги дастури тасдиқланди. Мазкур жараёнда Парламент тадқиқотлари институти томонидан амалга ошириладиган илмий-ҳуқуқий тадқиқотлар қонун лойиҳаларини ҳаётий далиллар билан бойитишга хизмат қилмоқда: биргина ўтган чоракда институт томонидан қонун лойиҳалари юзасидан илмий хулоса ва ахборот-таҳлилий тусдаги 51 та материал тайёрланиб, парламент ва бошқа давлат органларига тақдим этилди.
Бироқ қонуннинг қабул қилиниши муҳим босқич бўлса-да, якуний натижа эмас. Асосий масала — унинг жойларда қандай ишлаётгани. Шу боис қўмиталар томонидан «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги, «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги каби қонунларнинг ижро этилиши ҳолати бевосита ҳудудларга чиққан ҳолда ўрганилмоқда. Биринчи чоракда жами 37 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилиб, давлат органлари раҳбарларининг ахбороти эшитилди, сайловчиларни безовта қилаётган масалалар юзасидан 23 та депутат сўрови юборилди.
Шу билан бирга, холис таҳлил айрим захиралар ҳали тўлиқ ишга солинмаганини ҳам кўрсатади: ўтган даврда бирорта ҳам парламент сўрови юборилмагани, депутатларнинг қонунчилик ташаббуслари сони ўтган йилга нисбатан камайгани назорат ва ташаббускорлик воситаларидан янада фаол фойдаланиш зарурлигидан далолат беради. Камчиликни очиқ тан олиш ва уни бартараф этиш чораларини белгилаш — айнан халқчил, ҳисобдор парламентга хос ёндашувдир.
Қулай тартиб — ортиқча оворагарчиликка барҳам
Халқчил қонун фуқаронинг вақтини қадрлаши керак. Давлат органларида мавжуд маълумотлар идоралараро ахборот алмашинуви орқали олиниши, фуқародан бир маълумотни такроран талаб қилишга йўл қўйилмаслиги лозим. Ҳар бир маъмурий тартибда талаб этиладиган ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхати, хизмат кўрсатиш муддати ва рад этиш асослари олдиндан аниқ белгиланиши зарур. «Бошқа ҳужжатлар ҳам талаб қилиниши мумкин» каби очиқ қолдирилган қоидалар турли ҳудудларда турлича амалиёт шаклланишига ва коррупциявий хавфлар пайдо бўлишига замин яратади.
Рақамлаштириш ҳам фуқаро манфаатига хизмат қилгандагина самаралидир. Бу борада парламентнинг ўзи ҳам янги иш усулларини жорий этмоқда: 2025 йилда қонун лойиҳаларини кўриб чиқишнинг барча босқичларини рақамлаштирувчи e-qonun.uz тизими ишга туширилди, Қонунчилик палатасининг ялпи мажлислари эса тўғридан-тўғри эфирда узатилмоқда. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида қонун ижодкорлиги жараёнларида рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини қўллаш даражасини 70 фоизга етказиш вазифаси белгилангани бу йўналишдаги ишларнинг истиқболини кўрсатади. Айни пайтда ёши катта ёки рақамли кўникмаси етарли бўлмаган шахслар учун анъанавий мурожаат усуллари ҳам сақланиши зарур — қулай ҳуқуқий тартиб барча учун бирдек очиқ бўлиши билан аҳамиятлидир.
Фуқароларнинг парламентга ишончи ортиб бораётганини рақамлар ҳам тасдиқлайди: 2026 йилнинг биринчи чорагида Қонунчилик палатасига 2 351 та мурожаат келиб тушди. Бу 2025 йилнинг мос давридаги 1 511 тага нисбатан 55,6 фоиз кўп. Мазкур кўрсаткич фуқароларнинг парламент билан мулоқотга киришиш фаоллиги ошганини кўрсатади. Энди асосий мезон мурожаатлар сони эмас, уларнинг ўз вақтида ва натижали ҳал этилишидир.
Мустақиллик қонунларида инсон овози
Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги — босиб ўтилган йўлни сарҳисоб қилиш билан бирга, келгуси вазифаларни белгилаб олиш учун ҳам муҳим тарихий марра. Ўтган даврда миллий давлатчилик, Конституция, профессионал парламент ва замонавий ҳуқуқий тизим шаклланди. Энди қонунчилик тараққиётининг бош мезони қабул қилинаётган ҳужжатлар сони эмас, уларнинг инсон ҳаётига бераётган аниқ натижаси бўлиши керак.
Бу борада матбуотнинг ҳам ўз ўрни бор. Оммавий ахборот воситалари фақат «янги қонун қабул қилинди» деган хабарни етказиш билан чекланмасдан, «бу қонун фуқаро ҳаётида нимани ўзгартиради?», «янги ҳуқуқдан қандай фойдаланиш мумкин?» деган саволларга жавоб бериши лозим. Ана шунда парламент фаолияти билан халқ ўртасидаги мулоқот янада мустаҳкамланади.
Мустақиллик бизга ўз қонунларимизни мустақил яратиш ҳуқуқини берди. Бугунги вазифа — ҳар бир қонунни халққа яқин, тушунарли ва амалда қулай қилишдир. Халқчил қонун — фуқаро унда ўз овозини эшитадиган, ўз ҳуқуқини кўрадиган ва ундан фойдаланишнинг аниқ йўлини топадиган қонун. Ана шундай қонунлар инсон қадри улуғланадиган, адолат ва қонун устуворлиги таъминланадиган янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилади.
Лазиза НИЁЗОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Парламент тадқиқотлари институти
Суд-ҳуқуқ соҳасида тадқиқотлар бўлими бош илмий ходими.
ЎзА