Халқаро талаблар асосида такомиллаштирилади
Бухорода 2027 йилда ўтказилиши режалаштирилган халқаро саммитлар олдидан ҳудуднинг ҳар бир соҳасида пухта тайёргарлик кўриш, мавжуд имкониятларни ишга солиш ва инфратузилмани халқаро мезонларга мувофиқ такомиллаштириш муҳим вазифалардан бирига айланмоқда.
Бу жараёнда божхона тизими зиммасига ҳам алоҳида масъулият юкланади. Зеро, халқаро тадбирлар арафасида мамлакатга кириб келаётган меҳмонлар, тадбиркорлар, хорижий делегациялар ва юк ташувчилар учун яратилган шароитлар, чегарадаги хизматлар тезкорлиги ҳамда бошқарув самарадорлиги ҳудуднинг халқаро имижига бевосита таъсир кўрсатади.
Божхона қўмитаси Раиси ўринбосари О. Ибрагимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳудудда дастлабки ўрганиш ишларини олиб борди.
Ўрганишлар давомида бошқарма тасарруфидаги инфратузилма объектларини реконструкция қилиш, ҳудудни ободонлаштириш, ходимлар учун замонавий меҳнат шароитларини яратиш ва илғор бошқарув механизмларини жорий этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Дастлаб бошқарманинг маъмурий биноси кўздан кечирилди. Унинг ташқи ва ички қиёфасини “Янги Ўзбекистон” руҳига мос равишда янгилаш, иш хоналарини замонавий талаблар асосида жиҳозлаш, ходимлар учун қулай меҳнат муҳитини шакллантириш ҳамда ҳудудни кўкаламзорлаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, бошқарма ҳудудида ходимларнинг жисмоний фаоллигини қўллаб-қувватлаш мақсадида футбол майдончаси барпо этиш, ёнғин хавфсизлиги талабларидан келиб чиқиб, зарур сув захирасини таъминлайдиган махсус ҳовуз қуриш режалаштирилган. Бу каби ташаббуслар нафақат инфратузилмани яхшилаш, балки ходимлар учун соғлом ва хавфсиз меҳнат муҳитини яратишга ҳам хизмат қилади.

Ўрганиш жараёнида бошқармада замонавий Ситуацион марказ ташкил этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада илғор тажрибани ўрганиш мақсадида ишчи гуруҳ Бухоро вилояти ҳокимлигининг Ситуацион маркази фаолияти билан танишди.
Унда ахборотларни жамлаш ва таҳлил қилиш, ҳудуддаги вазиятни реал вақт режимида кузатиш, жараёнларни мувофиқлаштириш ҳамда тезкор бошқарув қарорларини қабул қилиш механизмлари ўрганилди. Мазкур тажрибани божхона тизимининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб жорий этиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Зеро, бугунги кунда божхона фаолиятида тезкорлик ва аниқлик билан бир қаторда, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, маълумотларни марказлашган ҳолда таҳлил қилиш ва юзага келиши мумкин бўлган муаммоларга ўз вақтида муносабат билдириш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Янги Ситуацион марказ ана шу вазифаларни бир нуқтадан мувофиқлаштириш, хизмат жараёнлари устидан мониторингни кучайтириш ва ахборот алмашинувини такомиллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ишчи гуруҳнинг кейинги манзили “Олот” чегара божхона пости бўлди. Бу ерда чегара инфратузилмасини такомиллаштириш, ўтказувчанлик салоҳиятини ошириш ва фуқаролар ҳамда юк ташувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.

Хусусан, пост ҳудудида пиёдалар ҳаракатланадиган йўлаклар устига қуёш ва ёғингарчиликдан ҳимояловчи соябон қопламалар ўрнатиш ишлари билан танишилди. Бу, бир қарашда, оддий қулайликдек туюлиши мумкин. Бироқ чегарадан ўтувчи фуқаролар учун кутиш жараёнида қулай шароит яратиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва инсон манфаатларини таъминлаш нуқтаи назаридан бундай ишлар муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, транспорт воситалари оқимини самарали ташкил этиш, божхона назорати жараёнларини тезлаштириш ва постнинг ўтказувчанлик имкониятларини кенгайтириш бўйича амалий таклифлар кўриб чиқилди.
Айниқса, Ўзбекистон Республикасидан чиқиш йўналишида ҳам инспекция-кўрик мажмуаси (ИКМ) ўрнатиш таклифи эътиборга молик. Амалда чиқиш йўналишида сканердан ўтказилиши лозим бўлган юк автотранспорт воситаларини кириш йўналишидаги ИКМга қайта йўналтириш зарурати мавжуд. Янги мажмуа ташкил этилиши эса бундай транспорт воситаларини бевосита чиқиш йўналишининг ўзида кўрикдан ўтказиш имконини беради. Бунинг натижасида ортиқча ҳаракатланиш ва вақт сарфи қисқариши, божхона назорати тезлашиши, транспорт оқимини тартибга солиш ҳамда пост ҳудудида тирбандликларнинг олдини олиш имкониятлари кенгаяди. Энг муҳими, чегарадан ўтиш жараёнида қулайлик ва тезкорликни таъминлаш билан бирга, назорат самарадорлигини ҳам сақлаб қолишга эришилади.
Таъкидлаш жоизки, “Олот” чегара божхона пости мамлакатимизнинг ташқи савдо ва халқаро транспорт-логистика алоқаларида муҳим ўрин тутади. Шу боис бу ердаги ҳар бир инфратузилмавий ўзгариш нафақат пост фаолияти, балки ташқи иқтисодий алоқаларнинг узлуксизлиги ва тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлидир.

Умуман, амалга оширилаётган дастлабки ўрганишлар Бухоро вилояти божхона тизимидаги янгиланишлар фақат биноларни таъмирлаш ёки ҳудудни ободонлаштириш билан чекланмаслигини кўрсатмоқда. Асосий эътибор инфратузилмани замонавийлаштириш, хизмат жараёнларини рақамлаштириш, назорат самарадорлигини ошириш ва инсон учун қулай шароит яратишга қаратилган.
Чунки халқаро саммитларга тайёргарлик — бу фақат тадбир ўтказиладиган майдонлар ва меҳмонлар ташрифи билан боғлиқ ташкилий ишлар эмас. Бу аввало, ҳудуднинг барча соҳаларида замонавий ёндашувларни жорий этиш, мавжуд имкониятларни янги босқичга олиб чиқиш ва эришилган ўзгаришларни узоқ йиллар давомида аҳоли ҳамда иқтисодиёт манфаатларига хизмат қилдира олиш демакдир. Бухоро божхона тизимида белгиланаётган вазифалар ҳам ана шу мақсадга қаратилган. Бугун бошланган ўрганиш ва режалаштириш ишлари эртанги куннинг замонавий, тезкор ва самарали божхона хизматини шакллантиришга қаратилган муҳим қадамлардан биридир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири