Халқаро ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда
Кейинги йилларда мамлакатимиз олий ўқув юртларининг ривожланган мамлакатлар олий ўқув юртлари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Андижон давлат тиббиёт институтида ҳам бу борада эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда Андижон давлат тиббиёт институтида қатор хорижий давлатларнинг тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасалари билан мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган.
– Институтимиз томонидан белгиланган режалар, чора-тадбирлар доирасида хорижий давлатлардаги тиббиёт олий ўқув юртлари, тиббий марказлар, клиникалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда, – дейди Андижон давлат тиббиёт институтининг халқаро алоқалар бўйича проректори Фаррухбек Расулов. – Жумладан, ҳозирга қадар Италия, Ҳиндистон, Португалия, Россия, Словакия, Украина, Жанубий Корея, Хитой, Германия, Беларусь, Польша, Туркия, Малайзия, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби 35 дан ортиқ давлатлардаги 150 га яқин хорижий тиббиёт университетлар, институтлар, клиникалар, тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик ўрнатилган. Умуман, институтимиз томонидан хорижлик ҳамкорлар билан 100 дан зиёд халқаро шартнома имзоланган.
Бугунги кунда институтда Ҳиндистон, Покистон, Жанубий Корея, Миср, Ливан, Марокаш, Австралия, Янги Зеландия, Непал, Бангладеш, Эрон, Афғонистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия Федерацияси сингари давлатлардан келиб таҳсил олаётган талабалар сони 1 минг 550 нафарга етди. Уларнинг асосий қисми даволаш иши, стоматология йўналишларида инглиз тилида сабоқ олишади. Хориждан келиб ўқиётган талабаларга янада қулайлик яратиш мақсадида институтда “талаба визаси” жорий этилган.


Бундан ташқари, ҳар йили институтга 300-400 нафар хорижий талабалар қабул қилинмоқда. Уларнинг инглиз тилида тўлақонли билим олиши учун хорижий тилни, хусусан, инглиз тилини пухта биладиган ўқитувчи-мутахассислар сафини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда институтда фаолият олиб бораётган 1 минг нафарга яқин профессор-ўқитувчининг 150 нафари инглиз тилида дарс ўта олади.
Кейинги йилларда институтда, унинг клиникасида фаолият юритаётган кўплаб ёш мутахассислар дунёнинг ривожланган мамлакатларига бориб малакасини ошириб қайтмоқда. Малака ошириб қайтган мутахассислар клиникада мустақил равишда юқори технологик даволаш муолажаларни амалга оширмоқда.
Айниқса, институтнинг Россия Федерациясининг тиббиёт олий ўқув юртлари, тиббиёт илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлиги мустаҳкам асосларга эга. Айни кунда институт Россиянинг Приволжский номидаги тиббий тадқиқот университети билан стоматология, юз-жағ жарроҳлиги бўйича клиник ординатура (1+1) йўналишида, Доғистон давлат тиббиёт университети билан стоматология бакалавриат таълим (3+2) йўналишида, шунингдек, Қозон федерал университети, И.П.Павлов номидаги 1-Санкт-Петербург давлат тиббиёт университети, Санкт-Петербургдаги И.И.Mечников номли Шимолий-Ғарбий давлат тиббиёт университети, В.A.Aлмазов номидаги Миллий тиббий тадқиқот маркази билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.
Ана шу ҳамкорлик доирасида Доғистон давлат тиббиёт университети билан стоматология бакалавриат таълим йўналишида (3+2) қўшма таълим дастури йўлга қўйилган.
Институт профессор-ўқитувчилари, мутахассислари нафақат Россия Федерацияси, балки Европа давлатларининг нуфузли олий ўқув юртлари, клиникалари, тиббиёт марказларида тажриба ва малакасини оширмоқда. Хусусан, 2025-2026 йилларда институтнинг кўплаб ўқитувчи ва мутахассислари Россияда малака ошириб қайтди.
Шунингдек, Германия давлатининг қатор нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳам мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, Германиядаги қатор университетлар билан илм-фан, таълим, илмий фаолиятни кенгайтириш, илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш, докторантурани ривожлантириш, шу билан бирга, инновацион радиология, урологик онкология, клиник радиология ва бошқа қатор соҳаларда мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик олиб борилмоқда.

Институтни тамомлаган бир гуруҳ ёшлар иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган “Эл-юрт умиди” жамғармаси танловида ғолиб бўлиб, ривожланган давлатларда магистратура, докторантура йўналишида таҳсил олиб қайтди. Масалан, Бобуржон Эргашев Германиянинг Кёлн университетида урология йўналишида докторлик (PhD) даражасини олган бўлса, Абдувоҳид Пазлиддинов Буюк Британиянинг Глазго университети фармакология йўналишида, Жаҳонгир Абдуллаев Буюк Британиянинг Сванси университетида, Нурмуҳаммад Муҳитдинов АҚШнинг DUKE университети клиник информатика йўналишида магистр даражасини олди.
Кейинги икки йил давомида Ҳиндистон билан ҳамкорлик кўлами анча кенгайди. Ҳозирда Андижон давлат тиббиёт институти Ҳиндистон Республикасининг 10 дан зиёд етакчи олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Андижон давлат тиббиёт институтининг Ҳиндистон, Корея давлатларида ваколатли офислари фаолият олиб бормоқда. Бу, албатта, институтга хорижлик талабаларни жалб этиш ва абитуриентларни қизиқтирган саволларга шу давлатларнинг ўзида тўлиқ жавоб олишига имкон беради.
Институт ҳамда АҚШнинг Питтсбург университети, CyberPatient компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланган. Ана шу меморандумлар доирасида бугунги кунда амалий ишлар йўлга қўйилган. Жумладан, Америка Қўшма Штатлари Миллий университети (National University) профессорлари институтга келиб, ўқитувчилар ва талабаларга маҳорат дарслари ўтказди. Улар билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш юзасидан келишувларга эришилган. Кейинги икки йил давомида институтнинг ўнлаб мутахассислари АҚШда малака ошириб қайтди.
Институтда хорижлик мутахассисларни жалб этган ҳолда маъруза ва амалий машғулотлар ўтилишини йўлга қўйиш бўйича ҳам қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ҳиндистон, Беларусь, Украина, Исроил, Озарбайжон, Туркия давлатларидан хорижий мутахассис ва профессорлар институтда бўлди. Улар томонидан талабалар, магистрант ва мутахассислар учун дарслар, маърузалар, амалий машғулот ва маҳорат дарслари ўтказилди.
Бундан ташқари, институт профессор-ўқитувчилари, мутахассисларининг хорижий олий ўқув юртлари, тиббиёт марказларида тажриба ва малакасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Институтнинг профессор-ўқитувчилари Канада, Россия, Германия, Беларусь, Туркия, Латвия, Хитой, Корея, Ҳиндистон каби қатор давлатларда бўлиб, малака ва тажриба ошириб қайтди.

Биргина шу йилнинг ўзида институтда дунёнинг кўплаб давлатларидан ташриф буюрган мутахассислар, олимлар иштирокида тиббиётнинг турли соҳа ва йўналишлари бўйича долзарб муаммолар, уларни ҳал этиш, ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуманлар ўтказилди.
Бир сўз билан айтганда, Андижон давлат тиббиёт институтида халқаро ҳамкорлик кўлами кенгайиб, амалий натижалар, самаралар салмоғи ортиб бормоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири