Халқаро ҳамкорлик: иммунизация тизими такомиллаштирилади
Ўзбекистонда иммунизация тизимини такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 12-16 октябрь кунлари БМТ Болалар жамғармаси ва Вакциналар альянси етакчи мутахассисларидан иборат нуфузли халқаро делегация юртимизда бўлиб турибди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасида ушбу делегация вакиллари билан ташкил этилган муҳим учрашувда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақаси эксперти Олег Бенеш, ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси експерти Фатима Ченгич, шунингдек, GAVI халқаро ташкилотининг катта менежери доктор Ирина Петрова ҳамда вакцинация бўйича дастур менежери Талия Флорес қатнашди. Мазкур мулоқот давомида соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш ва келгуси режаларни биргаликда муҳокама қилиш учун кенг имкониятлар очилиши қайд этилди.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Соғлиқни сақлаш вазирлигига Gavi 6.0 стратегик дастури доирасидаги қўллаб-қувватлаш учун мамлакатимиз аризасини юқори даражада ишлаб чиқишда яқиндан техник кўмак кўрсатишдан иборатдир. Шу мақсадда мутахассислар билан биргаликда бир қатор муҳим тадбирларни амалга ошириш белгиланган бўлиб, улар қаторига одам папиллома вирусига қарши эмлаш схемасини мақбуллаштириш ҳамда унинг илмий-техник асосларини тўлиқ шакллантириш киради. Шу билан бирга, миллий иммунизация стратегиясини такомиллаштириш, дастур бошқаруви ҳамда молиялаштириш жараёнларининг барқарорлигини кўриб чиқиш кўзда тутилган.
Электрон иммунизация реестри ҳамда вакциналар логистикасини бошқариш ахборот тизими бўйича эришилган натижаларни чуқур ўрганиш ва янги турдаги вакциналарни амалиётга жорий этишнинг ишончли механизмини яратиш борасидаги қадамлар муҳокама қилинади.

Ташриф дастурининг амалий қисми сифатида халқаро експертлар Республика ва Тошкент шаҳар вакциналарни совуқда сақлаш омборлари ҳамда пойтахтимиздаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолияти билан яқиндан танишишлари ҳам белгиланган.
Меҳмонлар юртимизда вакциналарни сақлаш, совуқлик занжири қоидаларига риоя қилган ҳолда тақсимлаш ва аҳолига юқори сифатли эмлаш хизматларини кўрсатиш жараёнларининг амалий ижросини бевосита кўздан кечиради.
Ушбу халқаро миқёсдаги ҳамкорлик юртимизда иммунизация тизимини жаҳон стандартлари асосида янада ривожлантириш, шунингдек, келажак авлод саломатлигини мустаҳкамлашда аҳамиятлидир.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА