Халқаро баҳолаш тадқиқотларидаги натижаларимиз қандай?
Ўзбекистон илк бор PIRLS ва PISA каби билимни халқаро баҳолаш дастурларида иштирок этди. Хўш, халқаро баҳолаш тадқиқотларидаги натижаларимиз таҳлил қилиндими? Қандай хулосаларга келинди?
Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази Ўқувчиларнинг билимларини баҳолашнинг илғор методларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўлими бошлиғи Рашиджон Тожибоев ЎзА мухбирининг саволларига жавоб берди.
—Халқаро миқёсда таълимда ўқувчиларни ҳаётга тайёрлаш, уларда XXI аср кўникмаларини шакллантириш ва баҳолаш таълим трендига айланмоқда, — дейди Р.Тожибоев. — Халқаро баҳолаш дастурларида ҳам мактабда олинган назарий билимларни ҳаётий контекстларда қўллаш талаб этилади. Ўзбекистон ҳам илк бор PIRLS va PISA каби халқаро билимни баҳолаш тадқиқотларида иштирок этди. Бироқ, натижаларимиз хурсанд қиладиган даражада эмас.
Марказ мутахассислари томонидан мавжуд ютуқларимизни аниқлаб, уларни янада ривожлантириш, камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида қайд этилган натижалар таҳлил этилди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, умумий ўрта таълимда муваффақиятли жиҳатларимиздан кўра, яхшиланиши лозим бўлган томонларимиз салмоқли. Жумладан, давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини такомиллаштириш, ўқув материаллари сифатини ошириш, мактаблар бошқарувида автономия бериш, малакали педагоглар тайёрлаш, мактаб ва оила коллаборациясини таъминлаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларимиз бор.
—Халқаро баҳолаш тадқиқотларида юқори натижага эришган давлатлар таълим тизими ўрганилдими, умумий жиҳатлар нималарда намоён бўлади?
—Халқаро баҳолаш тадқиқотларида яхши натижага эришган бир қатор давлатларнинг жумладан, Сингапур, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Австралия, Финляндия, Эстония каби давлатлар таълим тизими ўрганилди.
Мазкур давлатларнинг таълим тизими учун умумий бўлган жиҳатлар қуйидагиларда намоён бўлади. Мисол учун, давлат томонидан мактаб таълимида асосий эътибор илмий асосланган миллий ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва марказлашган ташқи баҳолашни ташкил этишга қаратилади.
Мактаб таълимида ўқув материаллари, дарсликлар, методик қўлланмалар хилма-хиллигини таъминлаш мақсадида ўқитиш жараёнида қайси ўқув материалларидан фойдаланиш мактаб маъмурияти ва ота-оналар танловига қолдирилган.
Уларда жаҳон стандарти талабларига жавоб берадиган педагогларни тайёрлашга алоҳида урғу берилади. Педагогик йўналишлар ўқув режаларида касбий фаолиятда бевосита аҳамиятли бўлган фанлар ва курслар ўрин олган. Педагогик олий таълим муассасаларида таълим жараёни амалиёт билан биргаликда олиб борилади. Шунингдек, педагогларни ишга қабул қилишнинг махсус механизмларидан (ўқитувчи сертификати, фан бўйича сертификат в.б.) фойдаланилади.
Ундан ташқари мактаб ўқитувчиларининг ижтимоий ҳимоясини, оиласи фаровонлигини таъминлаш ҳамда соғлигини тиклаш учун турли имтиёзлар тақдим этилади. Умумий ўрта таълим учун халқаро баҳолаш талабларига мос миллий баҳолаш дастурлари ишлаб чиқилган, мустақил баҳолаш марказлари томонидан мактаб таълимида мунтазам ташқи баҳолаш ўтказилиб турилади.
—Мана шу тажрибалар асосида юртимизда миллий баҳолаш тизимини такомиллаштириш борасида қандай ишлар амалга оширилиши лозим, деб ўйлайсиз?
—Натижамиз таълимни ривожлантириш соҳасида амалга оширишимиз керак бўлган бир қатор ишлар борлигини кўрсатмоқда. Аввало, шуни айтишимиз лозимки, баҳолаш жараёни мазмуни бевосита давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари мазмуни ва талабларига боғлиқ. Шунинг учун илмий асосланган давлат таълим стандартлари ҳамда миллий ўқув дастури талабларини ишлаб чиқиш лозим. Шунингдек, миллий баҳолаш тизимини такомиллаштириш учун қуйидагиларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:
– мактаб таълимида баҳолаш жараёнини ҳуқуқий-норматив жиҳатдан тартибга солиш, “қаттиқ” ва “юмшоқ” талабларни белгилаш;
– олий таълимга кириш ва мактабни тамомлаётганда битирувчилар топширадиган якуний давлат аттестацияси синовларини унификация қилиш, Ягона давлат имтиҳонини жорий этиш;
– олий таълимга кириш синовлари мазмунини қайта кўриб чиқиш, халқаро эътироф этилган баҳолаш талабларига мослаштириш;
– мактаблардаги таълим сифатини ташқи назорат қиладиган Миллий баҳолаш дастурини ишлаб чиқиш, 4- ва 9- синфлар ўқувчилари иштирокида миллий баҳолаш тадқиқотини ўтказиш.
Бу борада вазирлик тизимида муайян ишлар бошланган. Жумладан, жорий йилда 500 та умумтаълим мактабида янгича баҳолаш тизими тажриба-синов жараёнидан ўтказилмоқда. Кейинги йилдан 1500 та мактабда жорий этилиши назарда тутилган.
— Марказ томонидан яна қандай ишларни амалга ошириш режалаштирилган?
—Марказ томонидан йил охирига қадар математика, она тили ва адабиёт ҳамда табиий фанлардан дарсликларни нашр қилиш режасига мувофиқ намунавий сумматив баҳолаш топшириқларини ишлаб чиқиш, тажриба-синовдан ўтказиш ва ахборотнома шаклида эълон қилиш, шунингдек, янгича баҳолаш тизимини жорий этишни жадаллаштириш, ўқитувчилар ва раҳбар ходимларнинг баҳолаш саводхонлиги бўйича билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида “Баҳолаш назарияси ва амалиёти”га доир 30 қисмдан иборат видеодарслар яратиш ва эълон қилиш режалаштирилган.
ЎзА мухбири
Нигора Раҳмонова
суҳбатлашди.