Халқ ва давлат идоралари бирлашган жойда тарқоқликка ўрин қолмайди
Президент ташаббуслари – амалда
Ёши улуғ отахон ер билан боғлиқ биргина ҳужжатни тўғрилаш учун ҳокимликка боради. У идорадан қоқ тушда чиқади. Кейин иккита автобус алмаштириб, шаҳарнинг бошқа манзилидаги прокуратурага шошилади.
У ердагилар эса ички ишлар бошқармасидан маълумотнома керак, дейишади. Нуроний яна йўлга тушади. Кун кеч бўлади. Сарсонгарчиликдан чарчаган мойсафиднинг юмуши эса эртага қолади.

Мавзуни ёзишга киришар эканман, негадир хаёлда шу манзара гавдаланди. Аслида бу кўпчилигимизга жуда таниш ҳолат. Шундай эмасми?
Янги Ўзбекистонда мана шу “югур-югур”ларга нуқта қўйиладиган бир қатор янги ечимлар устида ишланмоқда. Қувонарлиси улар самарсини бермоқда. Шу йўналишдаги ташаббуслардан бири Бухорода Президент Шавкат Мирзиёев танишган янги маъмурий марказ лойиҳаси бўлди.
Бир қарашда вилоятнинг янги маъмурий марказини чиройли бинолар мажмуаси дейиш мумкин. Ҳа, бар қарашда умумий картина шундай тасаввур уйғотиши табиий. Ҳолатга яқинроқдан назар ташласак, ташаббуснинг моҳияти яққол кўриади. Буни давлат ва халқ ўртасидаги масофани қисқартирувчи катта кўприкка ўхшатгимиз келди.
Дарҳақиқат, бу тажриба Қашқадарёнинг Кўкдала туманидан бошланган эди. Янги ташкил этилган ушбу туманда 38 та давлат идораси бир жойга жамланди. Натижа эса кутилганидан ҳам аъло. Одамлар бир ҳудудга кириб, барча масаласини ҳал қилиб чиқадиган бўлишди. Президентимиз айтганидек, бу халқни рози қилишнинг энг содда ва самарали йўли.
Энди ушбу тажриба Бухорода рўёбга чиқмоқда. Ўн тўрт гектарлик майдонда вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, ҳуқуқ-тартибот органлари бир жойда фаолият юритади. Бу нима беради? Энг аввало, вақт тежалади. Яна муҳим жиҳати идоралараро “қоғозбозлик” ва “югур-югур” ўйини тугайди.
Буни миллий тажриба деб номлагимиз келди. Бу борадаги халқаро тажрибаларни бироз ўргандик. Бошқарув органларини интеграциялаш жаҳоннинг энг ривожланган давлатлари танлаган йўл. Малайзияда тўқсонинчи йиллар охирида барча давлат идоралари учун махсус маъмурий шаҳар қурилган. Натижада ҳукумат қарорларини қабул қилиш тезлиги ўттиз фоизга ошгани айтилади.
Жанубий Кореяда эса “Ақлли маъмурий марказ” ташкил этилган. Фуқаро бир нуқтага келиб, ҳам солиқ, ҳам коммунал, ҳам ҳуқуқий масалаларини ҳал қилади.

Грузия тажрибасида эса давлат идораларининг бир жойлашуви коррупцияни қисқартиришнинг асосий омили бўлгани айтилади. Чунки ҳамма нарса шаффоф, идоралар бир-бирининг кўз ўнгида ишлайди.
Кўпинча биз асосан аҳоли манфаатлари ҳақида гапирамиз. Лекин бу тизим давлат ишчиси учун ҳам нажотдир. Вилоят ҳокими бир масалани ҳал қилиш учун шаҳарнинг нариги четидаги бошқарма бошлиғини чақиртириб ўтирмайди. Биноларнинг ёнма-ёнлиги “жонли мулоқот”ни таъминлайди. Бу эса иш самарадорлигини сезиларли оширади.
Бундан ташқари, Бухородаги лойиҳада маъмурий бинолар атрофида хиёбонлар, фавворалар қурилгани жуда муҳим. Давлат идораси энди одамлар қўрқиб ёки юраги сиқилиб келадиган “совуққина” даргоҳ эмас. Бу аҳоли дам оладиган, сайр қиладиган маданият масканига айланмоқда.
Халқимиз узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшнини яхши деб билади. Давлат идораларининг бир-бирига “қўшни” бўлиши эса катта сиёсий иродадир. Бу билан давлат халққа мужда юбормоқда. Муждаки, мен халқдан узоқда эмасман, мен шу ердаман, ҳамма хизмат шу ерда, демоқда.
Кўкдалада синовдан ўтган, Бухорода бўй чўзаётган бу мажмуалар Ўзбекистоннинг янги қиёфасидир. Мансабдорларнинг шу форматда халқ билан бир боғда, бир майдонда ишлаши, албатта, яхши самара беради. Хулоса эса битта. Идоралар ва халқ бирлашган жойда тарқоқликка ўрин қолмайди.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА