Халқ билан мулоқот ва амалий ишлар янги босқичда
O‘zLiDeP томонидан илгари сурилган “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури мамлакатимиздаги янгиланишлар жараёнини янада чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, дастур қабул қилиниши биланоқ унинг ижроси кечиктирилмасдан бошлангани, партиянинг сўздан амалиётга ўтиш тамойилига қатъий амал қилаётганини кўрсатади. Бугун O‘zLiDeP фаоллари, депутатлар ва волонтёрлар маҳаллаларга кириб бориб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиб, ижобий ҳал этиш чораларини кўрмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида ҳам мазкур дастур доирасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ. Хусусан, Беруний ва “Дурунки” маҳалла фуқаролар йиғинларида “Фаровонликка томон илк қадам” мавзусида ўтказилган муҳокамалар аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотнинг ёрқин намунаси бўлди. Унда партия вакиллари, депутатлар ва фаоллар иштирок этиб, ёшлар ва хотин-қизларни қийнаётган муаммоларни атрофлича муҳокама қилди.

Муҳокамалар жараёнида ҳар бир маҳалладаги мавжуд муаммолар асосида “муаммолар харитаси”ни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса муаммоларни тизимли равишда ҳал қилиш, айниқса, ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни бандликка жалб этишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, қайта тайёрлаш ва тадбиркорликка йўналтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Учрашувлар давомида аҳоли томонидан кўтарилган ижтимоий масалалар ҳам эътибордан четда қолмади. Жумладан, “Ўрта қалъа” маҳалласи аҳолиси томонидан болалар майдончаси қуриш ва йўлларни таъмирлаш масалалари кўтарилди. Ёшлар томонидан эса хусусий боғча ташкил этиш бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар олинди.

Энг аҳамиятлиси, амалий ишлар натижаси сифатида Дурунки маҳалласида жойлашган 56-сонли мактаб ўқувчилари учун “Депутат стипендияси” жорий этилди. Ушбу ташаббус орқали аъло баҳоларда ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш, уларни билим олишга рағбатлантириш мақсад қилинган.
Шунингдек, партиянинг “Бир оила – бир ҳомий” акцияси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Хусусан, депутат И.Палванов томонидан Тош ёп маҳалласида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оила ҳолидан хабар олиниб, уларга амалий ёрдам кўрсатилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар камбағалликни қисқартириш фақат молиявий ёрдам билан чекланмаслиги, балки таълим, касб-ҳунар ва имкониятлар орқали инсонларнинг ўзини-ўзи таъминлаш даражасини ошириш зарурлигини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар O‘zLiDePнинг халқ манфаатига хизмат қилиш, ҳар бир фуқаро ҳаётида ижобий ўзгаришлар қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларининг амалий ифодасидир.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.